Истеъмолчи ҳуқуқи – ишонч ва адолат кафолати
“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддасига кўра, ҳар бир истеъмолчи товар (иш, хизмат)лар тўғрисида тўлиқ, ишончли ва ўз вақтида ахборот олиш ҳуқуқига эга. Бу норма истеъмолчининг тўғри танлов қилиши, алдов ва нотўғри маълумотлардан ҳимоя қилинишида муҳим аҳамият касб этади. Қонунга мувофиқ, сотувчи ёки хизмат кўрсатувчи истеъмолчини чалғитувчи ёки ҳақиқатга зид маълумот бериш ҳуқуқига эга эмас. Акс ҳолда, бу истеъмолчи ҳуқуқларининг бузилиши ҳисобланади ва тегишли жавобгарликка сабаб бўлади.
Амалий мисол сифатида Фарғона вилояти Қувасой шаҳрида яшовчи истеъмолчи У.У.нинг мурожаатини ўрганиш натижаларини келтириб ўтайлик. Ушбу мурожаатга кўра, истеъмолчи Наманган шаҳрида жойлашган дўкондан 2 200 000 сўмга автомобил шинаси харид қилган. Бироқ сотувчи томонидан товарнинг ишлаб чиқарилган йили ҳақида нотўғри маълумот берилган – 2011 йилда ишлаб чиқарилган шина 2023 йил маҳсулоти сифатида тақдим этилган. Кейинчалик истеъмолчи эътирози асосида товарни бошқасига алмаштириш жараёнида яна шунга ўхшаш ҳолат такрорланиб, бу гал 2026 йилда ишлаб чиқарилган деб тақдим қилинган шина аслида 2016 йилда ишлаб чиқарилган бўлиб чиққан.
Мазкур ҳолат қонун талабларига зид бўлиб, истеъмолчининг тўлиқ ва ишончли ахборот олиш ҳуқуқи бузилганини кўрсатади. Мурожаат Федерациянинг Қувасой ҳамда Наманган шаҳар жамиятлари ҳамкорлигида ўрганилди. Ўрганиш жараёнида қонуннинг тегишли моддалари талаблари, хусусан истеъмолчига нотўғри маълумот бериш йўли билан товарлар реализация қилиш, олди-сотди жараёнида истеъмолчини чалғитувчи маъулмотларни тақдим қилиш каби ҳолатлар қонунбузилиши ҳисобланиши ва тегишли ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқариши сотувчига тушунтирилди.
Натижада, сотувчи ўз хатосини тан олди ва истеъмолчига етказилган зарар қопланди, яъни 2 200 000 сўм маблағ тўлиқ қайтариб берилди. Шунингдек, сотувчига қонун талабларига қатъий риоя қилиш, келгусида бундай қонунбузарликларга йўл қўймаслик бўйича огоҳлантириш берилди.
Бу каби ҳолатлар бозор муносабатларида ҳалоллик ва шаффофликнинг нақадар муҳим эканини яна бир бор тасдиқлайди. Истеъмолчи ўз ҳуқуқларини яхши билса ва уларни талаб қила олса, ноқонуний ҳолатларнинг олди олинади, тадбиркорлик муҳити эса янада соғломлашади.
Ҳар бир истеъмолчи ўз ҳуқуқларини билиши ва улар бузилганда тегишли тартибда ҳимоя қилиши зарур. Агар сиз ҳам истеъмол соҳасига оид муаммоларга дуч келсангиз, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси ва унинг ҳудудий ташкилотларига мурожаат қилишингиз мумкин.
Шаҳноза Валиева,
Қувасой шаҳар жамияти раиси.



Post Comment