Сифатсиз хизмат кўрсатилгани сабаб ишлар қайтадан бажариладиган бўлди
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш амалиётида фуқароларнинг ҳар бир мурожаати атрофлича ўрганилиб, адолатли ечим топилиши таъминланмоқда. Айниқса, хизмат кўрсатиш соҳасида сифат масаласи доимо эътибор марказида бўлиб келмоқда.
Фарғона вилояти Ёзёвон туманида яшовчи фуқаро Қ.М. томонидан туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ёзма мурожаат йўлланган. Унда уста томонидан маиший техника — чангютгични таъмирлаш хизмати сифатсиз бажарилгани ҳамда тўланган маблағ ўзини оқламагани юзасидан норозилигини билдирган.
Ўрганиш жараёнида маълум бўлишича, 2026 йил 13 апрел куни истеъмолчининг чангютгичи уста Х. Р. томонидан таъмирланган бўлиб, мазкур хизмат учун 115 000 сўм ҳақ тўланган. Бироқ, қисқа вақт ичида техника яна носоз ҳолга келиб қолгани аниқланган. Истеъмолчи томонидан муаммони бартараф этиш ёки тўланган маблағни қайтариш бўйича мурожаат қилинганига қарамасдан, хизмат кўрсатувчи томонидан масала ўз вақтида ҳал этилмаган.
Масала Федерациянинг Ёзёвон туман жамияти мутахассислари томонидан қонунчилик асосида ўрганилиб, хизмат кўрсатувчи ва истеъмолчи ўртасидаги муносабатларга ҳуқуқий баҳо берилди. Ўрганишлар давомида кўрсатилган хизмат ҳақиқатдан ҳам сифат талабларига жавоб бермагани ўз тасдиғини топди.
Олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида уста ўз мажбуриятларини англаб етиб, истеъмолчининг чангютгичини қайтадан бепул таъмирлаб беришни ўз зиммасига олди. Шунингдек, хизмат кўрсатишда сифат талабларига риоя этиш лозимлиги юзасидан тегишли тушунтиришлар берилди.
Шавкатжон Саидов,
жамият мутахассиси.



Post Comment