Мебел жамланмаси бут ҳолатда етказиб берилмаганлиги юзасидан қилинган мурожаат ижобий ҳал этилди

Мебел жамланмаси бут ҳолатда етказиб берилмаганлиги юзасидан қилинган мурожаат ижобий ҳал этилди

Товарни истеъмолчига бут ҳолатда, яъни барча қисмлари ва комплектлари билан етказиб берилмаслиги ҳам истеъмолчининг қонуний ҳуқуқлари бузилиши ҳисобланади. Бу ҳолат “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддасидаги нормалар билан тартибга солинган. Мазкур моддага мувофиқ, сотувчи истеъмолчига шартнома ва белгиланган талабларга мувофиқ, бут ва фойдаланишга яроқли товарни топшириши шартдир.

Шундай ҳолатлардан бирини Тошлоқ туманида яшовчи фуқаро Н. Ф.нинг буюртма асосида харид қилинган ётоқхона мебеллари тўлиқ ва соз ҳолатда етказиб берилмагани юзасидан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг Тошлоқ туман жамиятига қилинган мурожаат мисолида кўриб чиқайлик.

Ҳужжатларда келтирилишича, фуқаро 2025 йил сентябр ойида Тошлоқ туманидаги “Izzat Fayz Sultan” мебел дўконидан ётоқхона мебеллари тўпламини буюртма асосида харид қилган. Мебел жамланмаси учун 10 миллион 500 минг сўм тўлов амалга оширилган ҳамда етказиб бериш хизмати учун ҳам алоҳида ҳақ тўланган.

Бироқ, мурожаатчига мебел тўплами сифатсиз ва бут (тўлиқ) бўлмаган ҳолатда етказиб берилган. Жумладан, шифонернинг ойна қисми ҳамда трюмонинг орқа таянч қисмини ўрнатиб бериш ишлари кечиктирилганлиги қайд этилган. Мурожаатчи бу борада дўкон раҳбариятига мурожаат қилганига қарамай, муаммо ўз вақтида бартараф этилмаган.

Мазкур мурожаат асосида Тошлоқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан ўрганиш ишлари ташкил этилди ҳамда сотувчи томонига расмий мурожаат хати юборилди.

Олиб борилган ўрганишлар ва ҳуқуқий тушунтиришлардан сўнг, дўкон мутасаддилари томонидан фуқаро хонадонига борилиб, етказилмаган қисмлар ўрнатиб берилди ҳамда мебел тўплами тўлиқ соз ҳолатга келтирилди. Шу тариқа, мурожаат юзасидан истеъмолчининг қонуний талаблари таъминланиб, муаммо ижобий ҳал этилди.

Мутахассислар таъкидлашича, фуқаролар товар ёки хизматлар сифатидан норози бўлган ҳолларда, айниқса товар тўлиқ етказиб берилмаган, нуқсонли ёки шартнома талабларига мос келмайдиган вазиятларда ўз ҳуқуқларини талаб қилишлари ва тегишли ташкилотларга мурожаат этишлари мумкин бўлиб, агар бу борада қонунбузилиши ҳолатларига дуч келсангиз Сиз ҳам Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига (иш кунларида соат 09-00 дан 18-00 га қадар) сим қоқишингиз ёки сутканинг исталган вақтида смартфонингиз браузери ойнасига murojaat.istemol.uz ни териб, электрон шаклда мурожаат қолдиришингиз мумкин.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin