Мурожаатлар эътиборда: ҳар бир оиланинг муаммоси ўрганилмоқда

Мурожаатлар эътиборда: ҳар бир оиланинг муаммоси ўрганилмоқда

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси томонидан қабул қилинган “Жамоатчилик назорати тартибида мониторинг ўтказиш тўғрисида”ги буйруқ асосида жойларда амалга оширилаётган ўрганишлар нафақат уйда якка тартибда таълим олаётган болалар учун яратилган шарт-шароитларни ўрганиш, балки аҳолининг истеъмол соҳасига оид муаммоларини аниқлаш ва уларни ҳал этишда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Федерациянинг Фарғона вилояти ҳудудий бирлашмаси ҳамда туман-шаҳар жамиятлари томонидан олиб борилаётган ўрганишлар жараёнида фуқаролардан турли мазмундаги мурожаатлар қабул қилиниб, уларни жойида ҳал этиш чоралари ҳам кўрилмоқда.

Маълумотларга кўра, ўрганишлар давомида келиб тушган мурожаатларнинг асосий қисми коммунал хизматлар, тиббиёт, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, таълим, ичимлик суви, газ таъминоти, дори воситалари, маиший хизмат ва савдо соҳаларига тўғри келмоқда. Айниқса, тиббиёт ва ижтимоий кўмак, шунингдек коммунал хизматлар билан боғлиқ масалалар кўпчилик мурожаатларни ташкил этмоқда.

Ҳудудий жамиятлар томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, бугунги кунга қадар ўрганишлар доирасида 50 дан ортиқ мурожаатлар қабул қилинган бўлиб, уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилган ёки тегишли ташкилотларга йўналтирилган. Хусусан, 12 та мурожаат ижобий ҳал қилинган, 5 та ҳолатда амалий ёрдам кўрсатилган, 3 та оилага моддий ёрдам ажратилган, бир қатор мурожаатлар бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган ҳамда тегишли давлат ва хизмат кўрсатувчи ташкилотларга расмий тартибда юборилган.

Жумладан, Фарғона шаҳрида фуқаро М.С. томонидан “Uzum nasiya savdo” онлайн платформаси орқали харид қилинган автомобил тенти нуқсонли чиққанлиги юзасидан мурожаат келиб тушган. Ўрганиш жараёнида Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан онлайн платформа масъуллари билан музокаралар ўтказилиб, фуқарога сотилган маҳсулот янгисига алмаштириб берилди.

Шунингдек, Бағдод туманида яшовчи бир фуқаро томонидан хонадонга етказиб берилаётган ичимлик суви босими жуда паст эканлиги, натижада кундалик эҳтиёжлар учун етарли сув чиқмаётгани юзасидан мурожаат қилинган. Мазкур ҳолат тегишли коммунал хизмат ташкилоти билан биргаликда ўрганилиб, техник носозликлар бартараф этилди ҳамда сув таъминоти яхшиланди.

Айрим ҳолатларда эса ногиронлиги бўлган болалар учун махсус уч ғилдиракли велосипед олиб бериш, дори-дармон билан таъминлаш, массаж хизматини ташкил қилиш, ўқув парталарини янгилаш, болалар учун ёзги таълим машғулотларини ташкил этиш каби ижтимоий аҳамиятга эга масалалар юзасидан ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда.

Муҳими, жойлардаги ўрганишлар аҳоли билан очиқ мулоқот руҳида ташкил этилмоқда. Бу эса фуқароларнинг муаммоларини эшитиш, уларга ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатиш, айниқса ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлашда муҳим омил бўлмоқда.

Федерация тизимидаги ҳудудий ташкилотлар томонидан бундай жамоатчилик назорати тадбирлари изчил давом эттирилиб, аниқланган муаммолар юзасидан тегишли давлат органлари ва мутасадди ташкилотларга таклифлар киритилмоқда.

Post Comment