Уй-жой харидида ҳуқуқий ҳимоянинг ўрни ва аҳамияти бир мурожаат мисолида
Бугунги кунда аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжи ортиб бораётгани сабабли қурилиш компаниялари билан тузилаётган шартномалар сони ҳам кўпаймоқда. Бироқ амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, айрим ҳолатларда истеъмолчилар тўловларни амалга оширган бўлса-да, ваъда қилинган шартлар бажарилмаслиги, уйнинг белгиланган муддатда топширилмаслиги ёки бошқа муаммоларга дуч келмоқда. Ана шундай вазиятларда истеъмолчининг ҳуқуқий билими ва қонун билан кафолатланган ҳуқуқлари, бу борада истеъмолчилик ижтимоий ҳаракати билан ҳамкорлиги катта аҳамият касб этади.
Келинг, Фарғона шаҳрида яшовчи фуқаро, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси аъзоси С. О. нинг Федерациянинг Фарғона шаҳар жамиятига уй-жой масаласида юзага келган масала билан қилган мурожаати мисолида кредит шартларида уй-жой хариди масалаларининг айрим томонларига тўхталиб ўтайлик.
Ҳужжатларда келтирилишича, фуқаронинг турмуш ўртоғи қурилиш компанияси билан хонадон сотиб олиш бўйича шартнома тузган ҳамда умумий қиймати 875 миллион 260 минг сўм бўлган хонадон учун дастлабки тўловларни амалга оширган. Лекин фуқаро турмуш ўртоғининг бевақт оламдан оламдан ўтиши ортидан ойлик тўловларни ўз вақтида амалга ошира олмаслигини билдирган ва масалани ҳал этишда амалий ёрдам сўраган.
Мурожаат асосида Федерациянинг Фарғона шаҳар жамияти ходимлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилган. Қурилиш компанияси вакиллари билан музокаралар ўтказилиб, истеъмолчининг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ечим изланган. Натижада фуқаронинг аввал харид қилинган хонадонни кичикроқ майдонли хонадонга алмаштириш бўйича сўрови қўллаб-қувватланиб, шу вақтга қадар амалга оширилган тўловларни қайта ҳисоб-китоб қилиш имконияти таклиф этилган. Бу эса фуқарога у дуч келган молиявий қийинчиликдан чиқиб олиш имкониятини яратиб берган. Бу ҳолатда энг муҳим жиҳат — истеъмолчининг мурожаати эътиборсиз қолдирилмагани ва қонуний асосда муаммони ҳал қилишга ҳаракат қилинганидир.
Шу ўринда, турли шартларда уй-жой харид қилаётган юртдошларимизга “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг айрим нормаларини келтириб ўтган ҳолда, бу борада нималарга эътиборли бўлишлари лозимлигини эслатиб ўтишни жоиз деб биламиз.
Юқорида номи зикр этилган Қонун истеъмолчиларнинг товар, иш ва хизматлардан фойдаланишдаги ҳуқуқларини кафолатлайди. Хусусан, қонуннинг 4-моддасига кўра, истеъмолчи:
- товар (иш, хизмат)нинг сифатига;
- хавфсизлигига;
- тўғри ва тўлиқ ахборот олишга;
- ўз манфаатларини ҳимоя қилишга;
- етказилган зарарни қоплатишга бўлган ҳуқуқларга эга.
Уй-жой сотиб олиш ҳам хизмат муносабатларининг бир тури ҳисобланади. Шу боис қурилиш компанияси истеъмолчига шартнома шартлари, тўлов тартиби, хонадоннинг ҳолати, топшириш муддати ва бошқа муҳим маълумотларни аниқ ва тўлиқ тақдим этиши шарт.
Қонуннинг 6-моддасида эса истеъмолчининг товар (иш, хизмат) ҳақида ишончли ахборот олиш ҳуқуқи белгиланган. Демак, қурувчи ташкилот харидорни чалғитувчи ёки ноаниқ маълумот бермаслиги лозим.
Шунингдек, қонуннинг 13-моддасига мувофиқ, агар хизмат шартнома талабларига мос келмаса ёки истеъмолчининг ҳуқуқлари бузилса, у ўз талабларини қонуний тартибда қўйиш ҳуқуқига эга.
Мутахассислар уй-жой сотиб олишдан олдин қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратишни тавсия қилади:
- шартномани шошилмасдан ўқиб чиқиш;
- тўлов жадвали ва жарима шартларини тушуниб олиш;
- қурилиш компаниясининг лицензия ва ҳужжатларини текшириш;
- берилган ваъдаларни оғзаки эмас, ёзма шаклда расмийлаштириш;
- ҳар бир тўлов учун тасдиқловчи ҳужжат сақлаш.
Агар истеъмолчи уй-жой хариди масалаларида ўз ҳуқуқлари бузилган деб ҳисобласа, бу борадаги ваколатли давлат идораларига, шунингдек истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларига ёки суд органларига мурожаат қилиши мумкин.
Уй-жой хариди — инсон ҳаётидаги энг муҳим қарорлардан бири. Бундай жараёнда ҳуқуқий саводхонлик, шартномани чуқур ўрганиш ва қонунларда белгиланган ҳуқуқларни билиш истеъмолчини кўплаб муаммолардан асрайди. Фарғона шаҳридаги мазкур мурожаат мисоли шуни кўрсатадики, истеъмолчи ўз ҳуқуқини талаб қилса ва тегишли ташкилотларга мурожаат қилса, муаммони қонуний йўл билан ҳал этиш имконияти мавжуддир.



Post Comment