Бухоро ва Фарғона тажрибаси уйғунлашган учрашув

Бухоро ва Фарғона тажрибаси уйғунлашган учрашув

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Бухоро вилоят ҳудудий бирлашмаси ҳамда унинг таркибидаги туман (шаҳар) жамиятлари раислари ва масъул ходимларидан иборат делегация тажриба алмашиш, ҳудудий тузилмалар фаолиятини ўрганиш ва Федерация аъзолигига қабул қилиш жараёнларида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида Фарғона вилоятига ташриф буюрди.

Ташриф доирасида меҳмонлар дастлаб Федерациянинг Марғилон шаҳар жамияти фаолияти билан танишдилар. Учрашувлар давомида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизими, истеъмолчиларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича амалий ишлар, жойларда олиб борилаётган ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ҳамда жамоатчилик билан самарали мулоқотни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шунингдек, меҳмонларга истеъмолчилар мурожаатларини қабул қилиш ва уларни қонуний ҳал этиш механизмлари, низоларни судгача ҳал қилиш амалиёти, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган лойиҳалар хусусида ҳам маълумотлар тақдим этилди. Айниқса, Федерация аъзолигига жалб қилиш ишларини тизимли ташкил этиш, аҳоли билан манзилли ишлаш орқали жамиятлар фаоллигини ошириш бўйича Фарғона вилояти тажрибаси меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Шундан сўнг тажриба алмашиш тадбирлари Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмасининг яқинда қуриб, фойдаланишга топширилган замонавий маъмурий биносида давом эттирилди. Янги бинода яратилган шарт-шароитлар, ходимлар учун ташкил этилган қулай иш муҳити, мурожаатчиларни қабул қилиш хоналари ҳамда ҳуқуқий маслаҳат бериш тизими меҳмонлар томонидан юқори баҳоланди.

Бу ерда ташкил этилган давра суҳбатида истеъмолчиларнинг мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш, уларнинг ҳуқуқий билимини юксалтириш, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун ижроси устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини олиб бориш, шунингдек, ҳудудий жамиятлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Суҳбат давомида иштирокчилар томонидан амалий таклиф ва ташаббуслар билдирилиб, келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди.

Ташриф давомида меҳмонлар Фарғона водийсининг бой миллий ҳунармандчилик анъаналари билан ҳам яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар. Хусусан, Марғилон шаҳридаги машҳур “Ёдгорлик” фабрикасига уюштирилган саёҳат меҳмонларда унутилмас таассурот қолдирди. У ерда делегация аъзолари ипакни қайта ишлаш жараёнлари, миллий адрас ва атлас матоларини тайёрлаш босқичлари, шунингдек, ушбу матолардан замонавий ва миллий услубдаги кийим-кечак ҳамда турли буюмлар тайёрланиши билан яқиндан танишдилар.

Таъкидланганидек, бундай учрашув ва тажриба алмашувлар ҳудудий бирлашмалар фаолиятини янада такомиллаштириш, соҳадаги илғор тажрибаларни оммалаштириш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.

Post Comment