Китоб пули қайтарилди: истеъмолчи мурожаати ижобий ҳал этилди
Фарғона шаҳрида яшовчи фуқаро фарзандини хусусий ўқув марказларидан бирига ўқишга жойлаштириб, таълим жараёни учун зарур бўлган китоб харид қилиш мақсадида тўловни амалга оширади. Бироқ орадан вақт ўтса-да, китоб истеъмолчига берилмайди. Шу билан бирга, тўланган маблағни қайтариш ҳақидаги талаб ҳам қаноатлантирилмайди. Натижада фуқаро ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 қисқа рақами орқали мурожаат қилади.
Мурожаат Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилди. Ўрганиш жараёнида ўқув маркази масъуллари билан боғланилиб, амалдаги қонунчилик талаблари юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди. Натижада масала ижобий ҳал қилиниб, китоб учун олдиндан тўланган 75 минг сўм маблағ истеъмолчининг пластик картасига қайтариб берилди.
Мазкур ҳолат истеъмолчилар ўз ҳуқуқларини яхши билиши ва улар бузилганда тегишли ташкилотларга мурожаат қилиши қанчалик муҳим эканини яна бир бор кўрсатади. Амалиёт шуни тасдиқламоқдаки, кўплаб низолар қонунчилик асосида олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида судгача бўлган босқичда ҳал этилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ, истеъмолчи товар ёки хизмат учун ҳақ тўлаган бўлса, унга ваъда қилинган маҳсулот ёки хизмат ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда тақдим этилиши шарт. Акс ҳолда истеъмолчи етказилмаган товар ёки кўрсатилмаган хизмат учун тўланган маблағни қайтаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Шунинг учун таълим, савдо ёки хизмат кўрсатиш соҳасида истеъмолчи сифатида ҳуқуқларингиз бузилса, вазиятга бефарқ бўлманг. Тўлов ҳужжатлари, шартнома ва бошқа тасдиқловчи далилларни сақлаб қўйинг ҳамда ҳуқуқий ёрдам олиш учун тегишли ташкилотларга мурожаат қилинг. Аксарият ҳолатларда мурожаат қилишнинг ўзиёқ муаммони ҳал этишга хизмат қилади.
Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан кўриб чиқилган мазкур мурожаат ҳам истеъмолчининг қонуний манфаатлари тиклангани билан аҳамиятли бўлди.



Post Comment