Асоссиз қарздорлик бартараф этилди: истеъмолчи фойдасига 1 миллион 770 минг сўм қайта ҳисоб-китоб қилинди
Фуқаролар учун коммунал хизматлар бўйича ҳисобланган қарздорликларнинг тўғрилиги муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, ичимлик суви таъминоти бўйича нотўғри ҳисоб-китоблар аҳоли орасида кўплаб савол ва эътирозларни келтириб чиқаради. Бундай ҳолатларда истеъмолчининг ўз ҳуқуқларини билиши ва мурожаат қилишдан чўчимаслиги муҳим ҳисобланади.
Фарғона туманилик фуқаро М. Ғ. ичимлик суви хизмати бўйича ҳисобланган қарздорликдан норози бўлиб, Фарғона туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилди.
Мурожаатда истеъмолчининг шахсий ҳисоб рақамида 1 миллион 850 минг сўм миқдорида қарздорлик мавжудлиги кўрсатилгани ва ушбу ҳисоб-китобнинг асослилигига шубҳа билдирилган. Шу муносабат билан жамият мутахассислари мурожаатни назоратга олиб, масалани ўрганиш ишларини бошладилар.
Жамият томонидан “Фарғона сув таъминоти” акциядорлик жамиятининг Фарғона туман филиалига расмий сўров юборилиб, ҳисоб-китобларни қайта текшириш ҳамда истеъмолчининг мурожаатини қонунчилик талаблари асосида кўриб чиқиш сўралди.
Масалани ўрганиш жараёнида жамият мутахассислари, сув таъминоти корхонаси ходимлари ва истеъмолчи иштирокида қўшимча текширув ўтказилди. Текширув давомида истеъмолчининг тўлов ҳужжатлари ҳамда ҳисоб-китоб маълумотлари қайта таҳлил қилинди.
Натижада ичимлик суви бўйича ҳисобланган қарздорликда хатоликка йўл қўйилгани аниқланди. Қайта ҳисоб-китоб ишлари амалга оширилиб, истеъмолчи фойдасига 1 миллион 770 минг сўмлик маблағ қайта ҳисобланди. Шунингдек, аввал қайд этилган қарздорлик бартараф этилди ва фуқаронинг шахсий ҳисоб рақамида қарздорлик мавжуд эмаслиги маълум қилинди.
Ушбу ҳолат истеъмолчилар учун муҳим сабоқ бўла олади. Коммунал хизматлар бўйича ҳисобланган қарздорлик ёки тўловлар юзасидан шубҳа туғилганда, фуқаролар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида тегишли ташкилотларга мурожаат қилишлари зарур. Чунки баъзан техник ёки ҳисоб-китоб хатолари сабабли асоссиз қарздорликлар шаклланиши мумкин.
Мутахассислар тавсиясига кўра, истеъмолчилар коммунал хизматлар учун амалга оширилган тўлов квитанцияларини сақлаб боришлари, шахсий ҳисоб рақамларидаги маълумотларни мунтазам текшириб туришлари ва ноаниқликлар аниқланганда дарҳол хизмат кўрсатувчи ташкилот ёки истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларига мурожаат қилишлари мақсадга мувофиқ.
Фарғона туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан кўриб чиқилган мазкур мурожаат натижасида фуқаронинг қонуний манфаатлари тикланди ва асоссиз қарздорликка барҳам берилди. Бу эса истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими амалда самарали ишлаётганининг яна бир амалий намунасидир.



Post Comment