«Лотерея» ўрнига шартномалар: «лототрон» савдоси схемаси

«Лотерея» ўрнига шартномалар: «лототрон» савдоси схемаси

Маиший техника билан шуғулланувчи айрим сотувчилар томонидан турли маркетинг усулларидан фойдаланган ҳолда таълим муассасаларига ташриф буюриб, ходимларга товарлар реализация қилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Схема қуйидагича кўринишга эга: мактаб ёки олий таълим муассасасига «компания вакили» (кўпинча ўзини тадбиркор ёки «кредит дастурларини рўйхатга олувчи» деб таништирувчи шахс) келади, интерактив ўйин («Сиз — лотерея ғолибисиз!») ўтказади ва кимгадир тантанали равишда совға — масалан, музлаткич ёки телевизор тақдим этади. Шу билан бирга, акция иштирокчиларини «ғолиб» номига қўшимча маиший техникаларни кредитга расмийлаштиришга ишонтиришади. Кўпинча «ғолиб»нинг ҳамкасбларига ҳам унинг номига товарларни кредитга расмийлаштиришга «мажбурлашади». Натижада расмий жиҳатдан барча харид қилинган товарлар бир нафар жисмоний шахс номида қайд этилади, кредитни тўлаш вақти келганда эса акция иштирокчилари ўртасида турли тушунмовчиликлар, низолар ва можаролар келиб чиқиш ҳолатлари мавжуд.

Бундай маркетинг усули савдо ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг асосий қоидаларини бузади. «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун сотувчини (ташкилот ёки тадбиркорни) товар ва сотувчи ҳақида ҳаққоний ҳамда тўлиқ маълумот тақдим этишга мажбурлайди. Баён этилган ҳолатда харидорлар чалғитилмоқда: «лотерея» оддий товар олди-сотдисини ниқоблайди. Бунда битимнинг ҳақиқий шартлари олдиндан тушунтирилмайди. Бундан ташқари, совға беришнинг ўзи ҳам товар сотиш билан боғлиқ эканлиги ҳақида тўлиқ келишилмайди: одатда товар «совға» сифатида одамларни жалб қилиш ва уларни кредит ҳужжатларини имзолашга ундаш мақсадида тақдим этилади. Бундай ҳаракатлар ёлғон реклама ва истеъмолчини алдаш тушунчаларига мос келиши мумкин.

Қонунга кўра, агар истеъмолчи олинган нотўғри ёки тўлиқ бўлмаган маълумот туфайли товар сотиб олган бўлса, у шартномани бекор қилиш ва етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Мазкур ҳолатда товарни харид қилиш ҳақидаги «шартнома» аслида ўйин ниқоби остида тузилган бўлиб, харидор ўз розилигини онгли равишда бермагани сабабли уни ҳақиқий эмас деб ҳисоблаши мумкин. Бундан ташқари, қонун ёлғон реклама оқибатида харидорга зарар етказилган бўлса, сотувчи уни тўлиқ қоплаши шартлигини ҳам назарда тутади. Бошқача айтганда, агар «лотерея» алдов воситаси бўлиб чиқса, айбдор шахс — сотувчи ёки унинг вакили — жабрланганларга етказилган барча зарарларни қоплаши лозим.

Ниҳоят, шуни ёдда тутиш муҳимки, қонунга кўра, истеъмолчи нафақат товар ҳақида, балки харид шартлари (нархи, кредит муддати, кимнинг номига расмийлаштирилиши, тўловни ким амалга ошириши) ҳақида ҳам тўлиқ маълумот олиш ҳуқуқига эга. Агар сотувчи бу маълумотларни бермаса ёки истеъмолчини чалғитса, бу ҳуқуқбузарлик ҳисобланиши мумкин.

Бундай «лотереяли» маркетинг акциялари товарларни сотишнинг қонуний усули ҳисобланмайди. Истеъмолчилар жуда эҳтиёткор бўлишлари лозим. Хўш, бундай ҳолатларда истеъмолчилар нималарга эътибор қаратишлари муҳим?

Ҳужжатларни текширинг. Ҳеч қандай ҳолатда «совға» олаётган пайтингизда кредит шартномаларини дарҳол имзоламанг. «Расмийлаштириш» тугмасини босишдан олдин ҳужжатлар билан танишиб чиқиш учун вақт талаб қилинг.

Маълумотларни қайд этиб боринг. Агар акция таълим муассасаси маъмуриятини олдиндан хабардор қилмасдан ёки тегишли маълумотларсиз ўтказилган бўлса, фото ва видеолар олинг — бу виждонсиз рекламага қарши далил бўлиши мумкин.

Олдиндан маслаҳат олинг. Сотувчи (ўйин ташкилотчиси) бундай тадбирларни ўтказиш ва таълим муассасасида товар сотиш учун тегишли рухсатга эга ёки эга эмаслигини аниқланг.

Давлат органларига хабар беринг. Агар акциялар мунтазам равишда ва назоратсиз ўтказилаётган бўлса, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш органларига ёки мактаб маъмуриятига мурожаат қилиш керак.

Шу боис, «лотерея» ниқоби остида таклиф этилаётган «совринли» харидларга ишонишдан олдин барча шартларни синчиклаб текшириш зарур. Чунки бундай акциялар истеъмолчини кутилмаган кредит мажбуриятларига олиб келиши мумкин. Алдов ёки чалғитиш ҳолати аниқланган тақдирда эса истеъмолчи қонунчиликда белгиланган ҳуқуқий ҳимоя воситаларидан фойдаланиб, ўз маблағларини қайтариш ва етказилган зарарни қоплашни талаб қилиши мумкин.

Post Comment