Иссиқлик тармоғига уланмаган хонадонга 1 миллион сўмдан ортиқ қарздорлик ҳисобланган
Коммунал хизматлар учун ҳисоб-китоблар аниқ ва асосли бўлиши керак. Айниқса, хонадон марказий иссиқлик тармоғига уланмаган бўлса, истеъмолчидан тўлов ундириш масаласи алоҳида ўрганишни талаб этади.
Марғилон шаҳри Зухро МФЙ ҳудудида яшовчи Н. Д. иссиқлик таъминоти хизматидан фойдаланмаганига қарамай, хонадонга 1 миллион 031 минг 506 сўм миқдорида қарздорлик ҳисобланганидан норози бўлиб, Марғилон шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилди. Фуқаро хонадон иссиқлик таъминотига уланмагани ва унда тегишли иситиш тармоғи мавжуд эмаслигини билдирган.
Мурожаат асосида жамият томонидан «Фарғона вилояти Иссиқлик таъминоти» МЧЖга сўровнома юборилиб, ҳолатни жойига чиққан ҳолда ўрганиш ишлари ўтказилди. Ўрганиш якунларига кўра мутахассислар томонидан далолатнома расмийлаштирилди. Корхона жавоб хатида мазкур далолатнома асосида ҳисобланган қарздорликни истеъмолчилар базасидан ечиш учун тегишли мутaxассисларга ҳужжатлар тақдим этилгани, ҳужжатлар асосли деб топилган тақдирда қарздорлик биллинг базасидан чиқарилиши маълум қилинди.
Мазкур ҳолат истеъмолчиларга муҳим эслатма: коммунал хизматлар бўйича тушунарсиз қарздорлик аниқланса, унинг асосини сўраш, хонадоннинг ҳақиқий ҳолатини далолатнома билан расмийлаштириш ва зарур ҳужжатларни сақлаш лозим. Ҳисоб-китобга рози бўлмаган фуқаро юқори турувчи ташкилотларга ёки қонунчиликда белгиланган тартибда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.



Post Comment