Асоссиз ҳисобланган 2 миллион 172 минг сўмлик қарздорлик бекор қилинди
Тошлоқ туманида яшовчи фуқаро хонадондаги сув ҳисоблагичи бўйича асоссиз қарздорлик ҳисоблангани юзасидан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига мурожаат қилди. Мурожаатда хонадондаги сув ҳисоблагичи биллинг тизимида нотўғри акс этгани натижасида 630 кубометр ҳажмга тенг ёки 2 миллион 172 минг сўм миқдорида қарздорлик юзага келгани билдирилган.
Мурожаат Тошлоқ тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан ўрганилиб, масалага ойдинлик киритиш мақсадида «Фарғона сув таъминоти» АЖ Тошлоқ туман филиалига сўров юборилган. Ўрганиш жараёнида фуқаронинг хонадондаги сув ҳисоблагичи биллинг тизимида рўйхатдан ўтмагани аниқланган. Кейинчалик ҳисоблагич корхонанинг метрология бўлими томонидан биллинг тизимига тегишли тартибда рўйхатдан ўтказилган.
Натижада истеъмолчи зиммасига ҳисобланган асоссиз қарздорлик бекор қилинишига эришилган. Бу ҳақда сув таъминоти корхонаси томонидан расмий жавоб тақдим этилиб, фуқаронинг мурожаатида кўтарилган масала ижобий ҳал этилган.
Истеъмолчи учун сабоқ
Ушбу ҳолат коммунал хизматлар бўйича ҳисоб-китобларни мунтазам текшириб бориш муҳимлигини яна бир бор кўрсатади. Агар хонадонга тушунарсиз ёки асоссиз қарздорлик ҳисобланган бўлса, истеъмолчи уни тўлашга шошилмасдан, аввало қарздорликнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлашга ҳақли.
Мазкур ҳолатда ҳам фуқаронинг ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида қилган мурожаати натижасида асоссиз қарздорлик бартараф этилди. Бу эса истеъмолчининг ўз ҳуқуқларини билиши ва зарур ҳолларда тегишли ташкилотларга мурожаат қилиши муҳим эканини кўрсатади.



Post Comment