Суюлтирилган газ етказиб бериш хизматлари сифати бўйича аҳоли сўровномаси натижалари

Суюлтирилган газ етказиб бериш хизматлари сифати бўйича аҳоли сўровномаси натижалари

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилояти ҳудудий бирлашмаси томонидан аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш хизматларининг сифати, мунтазамлиги, баллонларнинг ҳолати, ҳисоб-китоблар, шартномавий муносабатлар ва хавфсизлик масалалари юзасидан сўровнома ўтказилди.

Сўровномада 15 та туман ва шаҳардан 315 нафар аҳоли вакили иштирок этди. Сўровнома натижалари суюлтирилган газ таъминоти соҳасида ижобий жиҳатлар билан бир қаторда, истеъмолчиларни қийнаётган айрим тизимли масалалар ҳам мавжудлигини кўрсатди.

Газ етказиб бериш мунтазамлигида муаммолар бор

Сўров иштирокчиларининг 80,3 фоизи газ етказиб бериш кечиккан ҳолатларга дуч келганини, 53,7 фоизи эса сўнгги олти ойда газни белгиланган вақтда ололмай қолганини билдирган.

Газ етказиб бериш доимо белгиланган график асосида амалга оширилишини айтганлар улуши 44,8 фоизни ташкил этган. 37,5 фоиз иштирокчи газ баъзан график асосида етказиб берилишини, 9,5 фоизи эса суюлтирилган газ деярли берилмаслигини қайд этган.

Бу борада айниқса Ёзёвон, Бешариқ, Марғилон, Олтиариқ, Риштон, Тошлоқ, Фарғона ва Қўштепа туманларида кечикишлар юқори кўрсаткичларда қайд этилган.

Баллонларнинг ҳолати ҳам эътибор талаб қилади

Респондентларнинг 51,1 фоизи етказиб берилаётган газ баллонларининг ташқи ҳолатини яхши, 45,7 фоизи қониқарли деб баҳолаган. Шу билан бирга, 15,6 фоиз иштирокчи занглаган, эзилган, шикастланган ёки бошқа нуқсони бор баллон берилган ҳолатга дуч келганини билдирган.

Энг эътиборли кўрсаткичлар Бағдод, Ёзёвон ва Фарғона туманларида кузатилган.

Шунингдек, 41 фоиз респондент баллонда газ сизиб чиқиши ёки вентиль билан боғлиқ муаммо кузатилганини қайд этган. 22,5 фоиз иштирокчи эса илгари техник ҳолати қониқарсиз баллонни қабул қилишга мажбур бўлганини билдирган.

Баллоннинг техник ҳолати ҳақида хабардорлик етарли эмас

Респондентларнинг 60,6 фоизи баллоннинг техник кўрикдан ўтганлиги ҳақида маълумотга эга эканини айтган бўлса, 34 фоизи бундай маълумотга эга эмаслигини билдирган.

Баллонни қабул қилишдан олдин унинг ҳолати доимо текширилишини айтганлар 57,1 фоизни ташкил этган. 23,5 фоиз иштирокчи эса баллон ҳолати умуман текширилмаслигини билдирган.

Газ миқдори ва ҳисоб-китоблар

Респондентларнинг 62,9 фоизига етказиб берилган газ миқдори ҳақида аниқ маълумот берилиши қайд этилган. Бироқ 34 фоиз иштирокчи бундай маълумот берилмаслигини билдирган.

Шу билан бирга, 85,1 фоиз респондент етказиб берилган газ миқдорига ишонч билдирган. Газнинг амалдаги нархини биладиганлар 86,3 фоизни ташкил этган.

Тўлов миқдори ва ҳисоб-китобни тушунарли деб ҳисобловчилар эса 99 фоизни ташкил этган.

Чек бериш масаласида камчиликлар бор

Сўровнома натижасига кўра, тўлов бўйича чек ёки бошқа қонуний тасдиқловчи ҳужжатни доимо оладиганлар 57,1 фоизни ташкил этган. 32,4 фоиз иштирокчи эса чек умуман берилмаслигини билдирган.

Бу кўрсаткич истеъмолчининг ўз харидини ва тўловини тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлиши нуқтаи назаридан алоҳида эътибор талаб қилади.

Шартнома ва истеъмолчи ҳуқуқлари

Сўров иштирокчиларининг 88,3 фоизи суюлтирилган газ таъминоти бўйича шартнома тузганини билдирган. Бироқ уларнинг 26,7 фоизида шартнома нусхаси мавжуд эмас.

Шартнома шартлари 70,8 фоиз иштирокчига тушунтирилган бўлса, 29,2 фоизида бу борада тушунтириш берилмаган.

Шунингдек, истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқлари тушунтирилганини билдирганлар 69,5 фоизни ташкил этган, 30,5 фоиз иштирокчи эса ўз ҳуқуқлари тушунтирилмаганини қайд этган.

Хавфсизлик бўйича тушунтиришлар ижобий, аммо етарли эмас

Суюлтирилган газдан хавфсиз фойдаланиш қоидалари тушунтирилганини билдирганлар 87,6 фоизни, газ сизиб чиққанда қаерга мурожаат қилишни биладиганлар эса 92,4 фоизни ташкил этган.

Шу билан бирга, газ баллонидан фойдаланиш бўйича йўриқнома ёки тушунтириш олмаганлар 25,7 фоизни ташкил этган.

Сўнгги вақтларда газ ускуналари ёки баллонлар хавфсизлиги бўйича мутахассислар хонадонга ташриф буюрганини 54,6 фоиз респондент билдирган, 31,7 фоизи эса бундай ташриф бўлмаганини қайд этган.

Мурожаатлар билан ишлаш

Сўровда иштирок этганларнинг 30,2 фоизи илгари суюлтирилган газ таъминоти бўйича шикоят ёки мурожаат қилган.

Мурожаатларнинг асосий қисми газнинг ўз вақтида етказилмаслиги, баллон ҳолати, газ миқдори, тўлов ва бошқа таъминот масалалари билан боғлиқ бўлган.

Мурожаат қилганларнинг 23,8 фоизи мурожаатига жавоб берилганини, 4,1 фоизи жавоб берилмаганини, 2,2 фоизи эса қисман жавоб берилганини билдирган. Муаммо амалда бартараф этилганини қайд этганлар 22,2 фоизни ташкил этган.

Туман ва шаҳарлар кесимида

Сўровнома натижаларида хизмат сифатига берилган ўртача баҳо бўйича Ўзбекистон тумани — 4,6, Бағдод — 4,44, Бувайда ва Дангара — 4,2, Учкўприк ва Қўқон шаҳри — 4,0 кўрсаткич билан юқори натижаларни қайд этган.

Шу билан бирга, Фарғона тумани — 2,7, Бешариқ ва Қўштепа туманлари — 3,0, Олтиариқ — 3,06, Риштон — 3,48 кўрсаткич билан нисбатан паст баҳоланган.

Умуман, 315 нафар респондентнинг баҳолари бўйича суюлтирилган газ таъминоти хизматининг ўртача кўрсаткичи 3,65 баллни ташкил этган.

Хулоса

Сўровнома натижалари суюлтирилган газ таъминоти соҳасида газ етказиб беришнинг белгиланган графикка риоя қилиниши, кечикишлар ҳақида истеъмолчиларни ўз вақтида хабардор қилиш, газ баллонларининг техник ҳолати, чек бериш, шартнома нусхасини истеъмолчига тақдим этиш ва истеъмолчилар ҳуқуқлари бўйича тушунтириш ишларини кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда.

Айниқса, газ етказиб беришда кечикишлар юқори қайд этилган ҳамда хизмат сифатига баҳо нисбатан паст бўлган ҳудудларда мазкур масалаларни алоҳида ўрганиш, аниқланган муаммоларнинг сабабларини таҳлил қилиш ва уларни бартараф этиш бўйича амалий чоралар кўриш мақсадга мувофиқ.

Post Comment