Тўланган пул ўз вақтида ҳисоб рақамига киритилмагани оқибатида истеъмолчида қарздорлик келиб чиққан

Тўланган пул ўз вақтида ҳисоб рақамига киритилмагани оқибатида истеъмолчида қарздорлик келиб чиққан

Уй-жой коммунал хизматлари билан боғлиқ тўловларда кичик бир хатонинг ўзи ҳам истеъмолчи ҳисобида қарздорлик пайдо бўлишига сабаб бўлиши мумкин. Учкўприк туманида яшовчи фуқаро Б.А. билан боғлиқ ҳолат ҳам шундай масалалардан бири бўлди. Фуқаро хонадондан маиший чиқиндиларни олиб кетиш хизмати учун тўловларни амалга оширганига қарамай, кейинчалик унинг ҳисоб рақамида қарздорлик акс этганидан норози бўлиб, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ишонч телефонига мурожаат қилди.

Мурожаатни ўрганиш жараёнида фуқаронинг 2026 йил 18 март куни 80 минг сўм ва 27 июн куни 200 минг сўм, жами 280 минг сўмни маиший чиқиндиларни олиб кетиш хизмати учун тўлагани аниқланди. Бироқ мазкур маблағлар ўз вақтида истеъмолчининг ҳисоб рақамига киритилмаган. Натижада амалда тўлов қилинган бўлса-да, ҳисоб-китобда бу маблағлар инобатга олинмаган.

Масала юзасидан Учкўприк туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан «Агро Риштон таъмир сервис» МЧЖга мурожаат қилинди. Ташкилот томонидан ҳолат қайта ўрганилиб, истеъмолчи томонидан амалга оширилган тўловлар тасдиқланди. Натижада ҳисоб рақамига туширилмаган 280 минг сўм маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиниб, фуқаронинг ҳисоб рақамига киритиб берилди. Шу тариқа истеъмолчининг мурожаатида кўтарилган масала ижобий ҳал этилди.

Ушбу ҳолат коммунал хизматлар учун тўловларни амалга ошираётганда тўлов чеки, квитанция ёки электрон тўлов тасдиғини сақлаб қўйиш қанчалик муҳимлигини кўрсатади. Чунки тўлов амалга оширилгани ҳақидаги ҳужжат истеъмолчининг ўз мажбуриятини бажарганини тасдиқловчи муҳим далил бўлиши мумкин.

Агар тўлов амалга оширилган бўлса-ю, шахсий ҳисоб рақамида акс этмаса ёки қарздорлик пайдо бўлса, истеъмолчи бу ҳолатни эътиборсиз қолдирмаслиги керак. Аввало тўлов маълумотларини текшириш, хизмат кўрсатувчи ташкилотга мурожаат қилиш, зарур ҳолларда эса истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларидан амалий ёрдам сўраш мумкин.

Post Comment