РАДАРДАН КЕЛГАН ЖАРИМАГА ШУБҲАНГИЗ БЎЛСА, ҚАНДАЙ ЙЎЛ ТУТИШ КЕРАК?
Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда айрим фото ва видео қайд этиш қурилмалари (радарлар) томонидан ҳайдовчиларнинг тезлиги нотўғри қайд этилаётгани, натижада фуқароларга асоссиз жарималар расмийлаштирилаётгани ҳақидаги хабарлар муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Шундай экан, агар сизга ҳам нотўғри деб ҳисоблаган радар жаримаси келган бўлса, ўз ҳуқуқларингизни билиш ва белгиланган тартибда ҳимоя қилиш муҳим. Қуйида бундай вазиятларда нималарга эътибор бериш кераклиги ҳақида тўхталамиз.
Жаримага шубҳангиз бўлса, уни текширинг
Фото ва видео қайд этиш қурилмалари ҳам техник восита бўлгани сабабли уларнинг ишлашида носозликлар ёки ўлчаш натижаларига таъсир кўрсатувчи хатоликлар юзага келиши мумкин.
Шу боис, радар орқали қайд этилган қоидабузарлик ҳақидаги қарорни олганингизда, аввало уни диққат билан ўрганиб чиқинг.
Бунда қоидабузарлик содир этилган сана ва вақт, жой, транспорт воситасининг давлат рақами, қайд этилган тезлик ва белгиланган тезлик кўрсаткичларини текширинг. Зарур ҳолларда қурилманинг техник ҳолати ва метрологик қиёслашдан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳақида ҳам маълумот сўрашингиз мумкин.
Радар носозлиги аниқланса, жаримани бекор қилдириш мумкинми?
Агар қурилманинг техник талабларга жавоб бермаслиги ёки метрологик қиёслаш билан боғлиқ муаммолар аниқланса, бу ҳолат тегишли қарорнинг қонунийлиги ва асослилигини баҳолашда муҳим аҳамият касб этади.
Бироқ қурилманинг носозлиги аниқлангани барча аввалги жарималар автоматик равишда бекор қилинишини англатмайди. Ҳар бир маъмурий қарор бўйича ҳолатлар ва далиллар алоҳида ўрганилиши лозим.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 314 ва 315-моддаларига мувофиқ, фуқаро ўзига нисбатан чиқарилган маъмурий қарор устидан юқори турувчи органга ёки жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судига шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
Шикоят бериш муддати ҳам муҳим. Кодекснинг 316-моддасига мувофиқ, қарор нусхаси олинган кундан эътиборан ўн кун ичида шикоят берилиши мумкин.
Шикоятда радарнинг техник ҳолати, метрологик қиёслаш ҳужжатлари, фотосуратдаги ҳолатлар ва бошқа далилларга таяниш мумкин.
Масалан, суратда бир нечта автомобил акс этган бўлса ва бу ҳолат қоидабузарликни айнан қайси транспорт воситаси содир этганини аниқлашга таъсир кўрсатса, мазкур ҳолат ҳам шикоятда кўрсатилиши мумкин.
Шикоят берилса, қарор ижроси тўхтатилади
Ҳайдовчиларни кўпинча «Жарима устидан шикоят қилсам ҳам, иш Мажбурий ижро бюросига юборилиши мумкинми?» деган савол қизиқтиради.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 318-моддасига мувофиқ, белгиланган муддатда шикоят берилиши маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарор ижросини шикоят кўриб чиқилгунга қадар тўхтатиб туради.
Шунинг учун қарорга эътироз билдиришнинг ўзи билан чекланмасдан, белгиланган тартибда расмий шикоят бериш зарур.
Агар шикоят кўриб чиқилиши натижасида қарор бекор қилинса, у ижрога қаратилмаслиги керак. Агар жарима аввал ундириб олинган бўлса, тўланган маблағни қайтариш масаласи ҳам қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.
Ҳуқуқларингизни билинг!
Ҳар бир ҳайдовчи ўзига нисбатан чиқарилган маъмурий қарорнинг қонунийлиги ва асослилигини текширишни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Шу боис, радар орқали келган жарима хабарномасини бефарқ қолдирманг. Агар қарор нотўғри чиқарилган деб ҳисобласангиз, уни белгиланган муддатда ва қонуний тартибда баҳслашинг.
Унутманг, ўз ҳуқуқларингизни билиш ва уларни қонуний ҳимоя қилиш — ҳар бир фуқаронинг муҳим ҳуқуқидир.



Post Comment