Грузиялик ҳамкор Фарғона водийсининг бой маданий мероси ва аграр салоҳияти билан танишди
Грузия истеъмолчилар федерацияси раиси Мадона Коидзе амалий ташриф билан Фарғона вилоятида бўлиб турибди.
Ташриф доирасида бугун у Фарғона вилояти истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ҳудудий бирлашмаси масъуллари ҳамроҳлигида вилоятнинг Риштон ва Олтиариқ туманларида бўлиб, ҳудуднинг ўзига хос маданий мероси, ҳунармандчилик анъаналари ҳамда аграр соҳадаги имкониятлари билан яқиндан танишди.
Дастлаб, меҳмон дунёга машҳур Риштон кулолчилик мактаби билан танишди. Бу ерда миллий кулолчилик санъатининг ўзига хос хусусиятлари, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ҳунармандчилик анъаналари, сопол буюмларни тайёрлаш ва уларга нақш бериш жараёнлари ҳақида маълумот берилди. Мадона Коидзе Риштон усталарининг маҳорати, миллий нақшлар ва анъанавий кулолчилик маҳсулотларига алоҳида қизиқиш билдирди.
Шундан сўнг ташриф Олтиариқ туманида давом этди. Меҳмон узумчилик билан шуғулланувчи деҳқонлар билан учрашиб, ҳудудда узум етиштириш тажрибаси, узум навлари, парваришлаш усуллари ва етиштирилган маҳсулотларни қайта ишлаш ҳамда реализация қилиш жараёнлари билан танишди.
Шунингдек, Мадона Коидзе «Wine Garden» вино заводига ташриф буюриб, корхонадаги ишлаб чиқариш жараёнлари, узумни қайта ишлаш технологиялари ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш босқичлари билан танишди.
Мазкур ташриф нафақат икки мамлакат истеъмолчилар ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, балки Фарғона вилоятининг бой маданий мероси, миллий ҳунармандчилиги ва иқтисодий салоҳиятини халқаро миқёсда кенгроқ тарғиб этиш нуқтаи назаридан ҳам аҳамиятлидир.
Зеро, бундай амалий учрашув ва сафарлар халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш ва келгусидаги ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилади.



Post Comment