Мультирадар. У нима ва қандай вазифани бажаради?
Фарғона вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан Матбуот анжумани ўтказилди. Унда Оммавий ахборот воситалари, Ахборот хизматлари вакиллари ва блогерлар иштирок этди.
Тадбирда Германиянинг Атлас компаниясида ишлаб чиқарилган МультиРадар СD (Multaradar CD) приборининг тақдимоти ўтказилди. МультиРадар СD прибори Нексия 3 автомобилига ўрнатилган бўлиб, асосан йўлларда тезликни қайд қилишга мўлжалланган.
Таъкидландики, мазкур приборлар ўрнатилган автомобиллар Андижон, Наманган, Тошкент ва Фарғона вилоятларига берилган. Ҳозирда вилоятимизга 4 та шу русумдаги автомашина келтирилган. Яна битта автомобил Тошкент шаҳрида йиғилмоқда. Демак, яқин кунларда вилоятимиз кўчаларида юқоридаги приборлар билан жиҳозланган 5 та автомобил патруллик хизматини ўташни бошлайди.
Яна бир нарса. Мазкур автомобиллар Ички ишлар вазирлигининг одатдаги, бизга таниш бўлган автомашиналаридек махсус белгилар, сирена ва бошқалар билан жиҳозланмаган. Бир вақтнинг ўзида олтита полосагача бўлган йўлни бемалол назорат қилади. Айтишларича, прибор фаолиятига инсон омилининг таъсири минимал даражада.
Прибор автомашина ҳаракатда бўлган, тўхтаб турган, рўпарангиздан ва ортингиздан келаётган барча ҳолатларда тезлигингизни ўлчаб, меъёрдан ошиш ҳолатларини автоматик равишда қайд қилади.
Агар тезликни меъёрдан оширган бўлсангизу, йўлингизда бирорта ҳам ЙПХ инспектори ёки бирор турдаги радар учрамаган бўлсада, уйингизга тезликни оширганлигингиз бўйича жарима қоғози келиб тушса, билингки Сиз қаердадир МультиРадар СD билан жиҳозланган автомашина билан тўқнаш келгансиз.
Ғайрат Маматқулов
Ҳудудий бирлашма раис ўринбосари-матбуот, ахборот, жамоатчилик билан ишлаш сектори бошлиғи
Post Comment