Суд лизинг ташкилотига ўз мажбуриятларини эслатиб қўйди
Риштон тумани Жалаер қишлоғида яшовчи У.Мелиқўзиев 2018 йилнинг 16 ноябрь кунида “UMID SAVDO FAYZ INVEST” МЧЖ билан 4 тонналик ISUZU QR 71PL юк ташиш машинасини лизинг шартларида сотиб олиш учун шартнома имзолайди. Шартномада кўрсатиб ўтилган 114 980 000 (бир юз ўн тўрт миллион тўққиз юз саксон минг) сўм пулни ҳам тўлаб беради. Шартномага кўра юк автомашинаси 180 кунлик муддатда етказиб берилиши белгиланади. Лекин …
Орадан шартномада кўрсатиб ўтилган муддат ўтиб бораётган бўлсада истеъмолчининг юк автомашинасидан дарак бўлмайди. У ўз кучи билан шартноманинг иккинчи тарафига мажбуриятларини тўлиқ адо қилишини тушунтиришга уриниб кўради, лекин бундан натижа чиқара олмайди. Шундан сўнг у Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ёзма равишда мурожаат қилиб, юзага келган ҳолат юзасидан амалий ёрдам кўрсатилишини сўрайди.
Истеъмолчининг мурожаати шаҳар жамияти мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилиши жараёнида масъулияти чекланган жамияти мутасаддиларига мурожаат қилиниб, истеъмолчининг қонуний талабларини қондириш, акс ҳолда масала юзасидан судга мурожаат қилиниши билдирилди. Лекин лизинг ташкилоти ихтиёрий равишда истеъмолчининг қонуний талабларини қондиришни лозим топмади. Шаҳар жамияти томонидан тегишли ҳужжатлар тайёрланиб, судга даъво аризаси киритилгач эса томонлар ўртасида келишувга эришилиб, лизинг ташкилоти томонидан 114 980 000 сўм маблағ истеъмолчининг банк пластик карточкасига тушириб берилди.
– Ҳурматли Жаҳонгир Тошпулатович ва Федерацияда хизмат қилаётган жамоа аъзолари, – дейди истеъмолчи Федерация раиси номига ёзган миннатдорчилик хатида. – Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Шу жумладан мени ишимни кўриб чиқиб, ижобий ҳал қилиб берган Фарғона шаҳар жамияти ходимлари Р.Мараджапов ва Ш.Охуновларга алоҳида раҳмат айтиб қоламан.
Сўзим ниҳоясида Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунидаги қуйидаги нормаларни истеъмолчилар эътиборига ҳавола қилмоқчиман:
Истеъмолчи шартнома тузиш йўли билан товарни (иш хизмат)ни эркин сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлиб, бу шартномага кўра сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) истеъмолчига муайян миқдордаги ва мақбул сифатли товарни мулк қилиб топшириш (иш бажариш, хизмат кўрсатиш) мажбуриятини, истеъмолчи эса, шартлашилган пулни тўлаш мажбуриятини ўз зиммаларига оладилар (қонуннинг 8-моддаси биринчи қисми).
Агар ижрочи шартномани ижро этишга ўз вақтида киришмаса ёки шартноманинг белгиланган муддатда бажарилмаслиги аён бўлиб қолса, истеъмолчи ишни бажариш, хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартномадан воз кечишга ва етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақли (қонуннинг 19-моддаси учинчи қисми).
Нодиржон Тошканов
Фарғона шаҳар ИҲҲҚ жамияти раиси
Post Comment