Муаммоларнинг ечимлари муҳокама қилинди

Муаммоларнинг ечимлари муҳокама қилинди

– Менга “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси Учкўприк филиали томонидан 6 нафар оила аъзоларим учун 55 000 минг сўм қарздорлик ҳисобланмоқда. Ваҳоланки, айни пайтда оиламиз аъзолари 3 нафардан иборат. Ушбу қарздорликнинг тўғри ёки нотўғрилигига аниқлик киритиб беришларингизни сўрайман, деб ёзади ўз аризасида А.Г. исмли тумандошимиз.
Унинг аризаси соҳа ва жамиятимиз мутахассислари иштирокида Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунлари асосида ўрганиб чиқилди.
Ўрганишлар натижасида А. Г. истиқомат қилаётган маҳалла фуқаролар йиғини маълумотномасига асосан абонентлар базасида 6 киши бириктирилганлиги, 2019 йил сентябрь ойида МИБ туман бўлими, тумандаги МФЙлар, “Тоза ҳудуд” ДУК Учкўприк туман филиали ва Фарғона вилояти “Санитария тозалов маркази” билан биргаликда хатлов ўтказилганлиги, МИБ туман бўлими мутахассиси томонидан хатлов натижасига асосан абонентлар базасига 2019 йил 25 октябрь ҳолатига оиладаги одам сонини 6 кишидан 5 кишига ўзгартирилганлиги, хатловда абонент А. Г. ҳам иштирок этган ва имзо қўйганлиги, айни пайтда эса тўловлар 3 нафар кишига тўланиб келаётганлиги ва мунтазам равишда базага киритилган 5 нафар кишига ҳисобланиб келаётганлиги сабабли 2019 йил декабрь ҳолатига 55 000 сўм қарздорлик мавжудлиги аниқланди.
Шунингдек, А. Г. хонадонида айни пайтда ҳақиқатан ҳам 3 нафар киши истиқомат қилаётганлиги тўғрисида маҳалла маълумотномасига асосан 2020 йил 1 январидан абонентлар базасига 3 нафар киши киритилди.
Истеъмолчига соҳага оид ҳуқуқ ва бурчлари, шунингдек, 2019 йил хатловига асосан ҳисобланган 55 000 сўм қарздорлик тўланиши кераклиги тушунтирилди.
– Худди шундай ҳолат бўйича кўплаб тумандошларимиз томонидан телефон орқали ва оғзаки мурожаатлар кўп тушаётганлиги сабабли туманимиздаги маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва МИБ туман бўлими раҳбари иштирокида юзма юз учрашув ташкилладик. Учрашувда истеъмолчилардан мазкур масалада тушаётган мурожаатлар ва уларни келтириб чиқараётган омиллар, муаммоларни ҳал қилиш борасида ҳар икки томоннинг таклиф ва мулоҳазалари ўртоқлашилиб, келгусида ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар режалаштириб олинди, – дейди Учкўприк туман ИҲҲҚ жамияти раиси Л.Шодмонов.

Наргизахон ШЕРАЛИЕВА,
Учкўприк тумани ИҲҲҚЖ матбуот ва ахборот бўйича мутахассиси.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin