Нуқсонли товар етти кунлик муддатда алмаштириб берилади
Фурқат туманида яшовчи фуқаро М.Хайдарова Қўқон шаҳар истеъмочилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига қилган мурожаатида якка тартибдаги тадбиркор Ж.Расуловдан сотиб олган “SAMSUHG” смарт 43 русумли телевизори кафолат муддати ичида яроқсиз ҳолатга келганлиги, сотувчи унинг қонуний талабларига қулоқ осмаётганлиги, нуқсонли товарни мақбул сифатдагисига алмаштирилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраганди.
Истеъмолчи мурожаатида маълум қилишича, у телевизорни 2019 йилнинг 15 ноябрь куни Қўқон шаҳар буюм бозоридан 2 600 000 (икки миллион олти юз минг) сўмга харид қилади. Лекин орадан икки ой ўтиб телевизорда нуқсонлар юзага чиқади. Истеъмолчи бу ҳақда сотувчига мурожаат қилганда, сотувчи телевизорнинг “платаси кетганлиги”ни айтиб, истеъмолчига бир муддат сабр килиб туришини, “заводдан запчасти келса” платасини бошка қўйиб берилишини, унгача эса телевизорни вақтинчалик кўриб туриши учун таьмирлаб берилишини айтган. Истеъмолчи ноилож мазкур шартга рози бўлган. “Вақтинчаликка” деб тузатиб берилган телевизор 15 кунгина ишлаб, яна бузилиб қолади. Яна сотувчи ҳузурига келган истеъмолчи бу сафар нуқсонли товарни лозим даражада таъмирланишини ёки алмаштирилиши талабини қўяди, лекин сотувчи ҳар хил важлар билан харидорни қонуний талабини бажармай келган.
Қўқон шаҳар жамияти мутахассислари томонидан истеъмолчи мурожаатини ўрганиш давомида сотувчи билан учрашилиб, унга амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун бўйича истеъмолчи ҳуқуқлари, сотувчининг мажбуриятлари юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилгач, сотувчи нуқсонли товарни мақбул сифатлисига алмаштириб беришга қарор қилди. Истеъмолчининг қонуний талаблари қондирилиб, унинг ҳуқуқлари тикланди.
Маълумот учун: “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддаси бўйича, истеъмолчи товарнинг ишлаб чиқарилишига, тузилишига, таркибига доир камчиликларни ёки бошқа нуқсонларни аниқлаган тақдирда сотувчи (ишлаб чиқарувчи) уни айни шундай маркали (моделли, артикулли) товарга етти кунлик муддатда, товар сифатини сотувчи (ишлаб чиқарувчи) томонидан қўшимча равишда текшириш зарур бўлганида эса, истеъмолчи талаб қўйган пайтдан эътиборан йигирма кун ичида алмаштириб бериши шарт.
Асрор Маматқулов
Қўқон шаҳар ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment