Агентлик журналист ва блогерларни ҳушёрликка чақирди

Агентлик журналист ва блогерларни ҳушёрликка чақирди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир А.Арипов бошчилигида комиссия йиғилиши ва брифинг ўтказилиб, унда Ўзбекистонда коронавирусга қарши қандай чоралар кўрилаётгани ҳақидаги масалалар кўриб чиқилди.

Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги (ЎзА) сайтида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) директорининг биринчи ўринбосари Дилшод Саиджонов номидан “Журналист ва блогерларни ҳушёрликка чақирамиз” мавзуси остидаги хабар жойлаштирилди. Унда шундай дейилади:
– Шу аснода, барча ОАВ ва блогерлардан ахборот соҳасидаги қонунчиликка жиддий ва тўлиқ амал қилишини сураймиз, яъни ҳақиқатга тўғри келмайдиган ахборот тарқатиш “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддаси, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонуннинг 12 прим 1 моддасини ва Жиноят кодексини бузиш ҳисобланади ва жиноий жавобгарликка олиб келади.
Жумладан Жиноят кодексининг 244-1, 2 қисмига кўра, диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш, худди шунингдек фуқаролар тотувлигини бузиш, туҳматона, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар тарқатиш ҳамда жамиятда қарор топган хулқ-атвор қоидаларига ва жамоат хавфсизлигига қарши қаратилган бошқа қилмишларни содир этиш мақсадида диндан фойдаланиш, шунингдек диний-экстремистик, террорчилик ташкилотларининг атрибутларини ёки рамзий белгиларини тарқатиш ёхуд намойиш этиш базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида кўрсатилган ҳаракатлар:
а) олдиндан тил бириктириб ёки бир гуруҳ шахслар томонидан;
б) хизмат мавқеидан фойдаланиб;
в) диний ташкилотлардан, шунингдек чет эл давлатлари, ташкилотлари ва фуқароларидан олинган молиявий ёки бошқа моддий ёрдамдан фойдаланиб;
г) оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса, беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда барча журналист ва блогерларни ҳар қандай ахборотни тарқатишда амалдаги қонунлар ва қоидалар талабларига риоя қилишга, асосланмаган, ишончли манбааси йўқ ва текширилмаган маълумотларни тарқатмасликка чақириб қоламиз.

Ҳудудий бирлашма Ахборот хизмати

(суратда АОКА директори биринчи ўринбосари Д.Саиджонов, фото ЎзА)

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin