Қонуний талаб бажарилмагач шартнома бекор қилинди
Сотувчи (ишлаб чиқарувчи) агар истеъмолчига товарни сотган, лекин ушбу сотилган товарда кейинчалик камчиликка ёки нуқсонлар аниқланса, уни ўз ҳисобидан алмаштириб бериши ёки ундаги нуқсонларни бепул бартараф этиши лозим. Бироқ қуйидаги тадбиркор тушуниб-тушунмасдан ҳамда қонуннинг ушбу талабларига риоя этмасдан бир фуқаронинг ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйди.
Риштон тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига Авазбой МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро Б.О. (фуқаронинг исм-шарифи ўзгартириш билан, тасодифий ҳарфлар билан берилмоқда), туман марказидаги кредит савдо дўконидан 1700000 (Бир миллион етти юз минг) сўмга МИ-7 русумли қўл телефони харид қилгани, аммо телефон аппарати учинчи куниёқ ишламай қолгани сабабли уни савдо дўкони раҳбарига қайтариб берган бўлсада, қарийб уч ойдан буён масала ижобий ҳал қилинмасдан, камига кредит тўловларини ҳам талаб қилаётганлигидан норози бўлиб мурожаат қилди.
Фуқаронинг мурожаатига асосан жамият мутахассислари олиб борган ўрганувлар жараёнида ҳақиқатдан ҳам, нуқсонли товарни фуқаро томонидан қайтариб берилганига уч ойдан ортиқ вақт ўтган бўлсада, муаммо ижобий ҳал этилмасдан келаётганлиги маълум бўлди.
Савдо дўкони раҳбарига истеъмолчига сотилган товарда нуқсон аниқланган тақдирда, истеъмолчи қонуннинг 13-моддасига асосан бундай товарни мақбул сифатдагисига алмаштирилиши талабини қўйиши мумкинлиги, бундай талаб қўйилган тақдирда эса сотувчи, товар қандай шартлар билан сотилганлигидан қатъий назар қонуннинг 14-моддасига асосан нуқсонли товарни 7 кунлик муддат ичида алмаштириб бериш чораларини кўриши шартлиги, агар унинг мазкур қонуний талаби бажарилмаган тақдирда, истеъмолчида ушбу қонуннинг 16-моддасига асосан шартномани бекор қилиш ҳуқуқи вужудга келиши тушунтирилди. Шунинг билан биргаликда, истеъмол кредити шартларида сотилган товар нуқсонлари сабабли сотувчига қайтарилганлигини инобатга олиб, дўкон раҳбари кредит учун тўлов талаб қилиши ҳам амалдаги қонун ва қоидаларга зидлиги бўйича тушунтириш берилди.
Ҳартугул тушунтиришлар кор қилиб, тадбиркор ва истеъмолчи ўртасида 2020 йилнинг 19 январида имзоланган шартномани бекор қилинишига эришилди. Шунинг билан биргаликда, истеъмол кредити телефон аппаратига тўланган пулнинг унга қайтарилиши лозим бўлган қисми истеъмолчининг айнан шу дўкондан олган музлатгичи тўловларига қайта ҳисоб-китоб қилинадиган бўлди.
P.s. Агар сотувчи (ишлаб чиқарувчи) истеъмолчининг товарни алмаштириб бериш ёки ундаги нуқсонларни бартараф этиш ҳақидаги талабларини бажармаган бўлса, истеъмолчи товарнинг харид нархини нуқсонга мутаносиб равишда камайтиришни ёки шартномани бекор қилиб етказилган зиён ва маънавий зарарни ушбу Қонуннинг 20 ва 22-моддаларига мувофиқ қоплашни талаб қилишга ҳақли.
(Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни 16-моддаси)
Ҳусниддин Латипов
Риштон туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment