Шартнома белгиланган муддатда бажарилмаслиги аён бўлиб қолгач, истеъмолчи ундан воз кечишга қарор қилди
Қўштепа туманида яшовчи истеъмолчи Б.Исақов жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига ўзи томонидан сотиб олинган авиачипта билан боғлиқ муаммо юзасидан мурожаат қилганди.
Мурожаатда маълум қилинишича, фуқаро Марғилон шаҳрида жойлашган авиакассаларнинг биридан 1 640 000 (бир миллион олти юз қирқ минг) сўмга Тошкент-Москва йўналиши бўйича авиачипта сотиб олган. Лекин март ойи ўрталарига келиб, мамлакатимизда коронавирус касаллигини тарқалишини олдини олиш бўйича тезкор чора-тадбирлар кўриш мақсадида карантин эълон қилинганлиги барчамизга маълум. Шундан келиб чиққан ҳолда, унга авиарейс номаълум муддатга қолдирилгани, 15 кунча сабр қилиб туришини айтадилар. Орадан 15 кун ўтиб, масала ҳал бўлмаслигини сезган истеъмолчи чипта учун тўлаган пулини қайтаришларини талаб қилади. Бироқ ушбу масала ҳам ҳал бўлавермагач, истеъмолчи сифатида ҳуқуқлари поймол қилинаётганлиги тўғрисида Федерацияга мурожаат қилади.
Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни 19-моддасига кўра, агар ижрочи шартномани ижро этишга ўз вақтида киришмаса ёки шартноманинг белгиланган муддатда бажарилмаслиги аён бўлиб қолса, истеъмолчи ишни бажариш, хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартномадан воз кечишга ва етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақли. Бундан келиб чиқилса, юқоридаги мурожаат бўйича олинганда, истеъмолчи чипта учун тўланган пулни тўлиқ ҳажмда қайтарилишини талаб қилиши қонунан тўғри ва ўринлидир.
Шунинг билан биргаликда, истеъмолчи томонидан қонуний талаб қўйилгандан сўнг ҳам ижрочи (хизмат кўрсатувчи) томонидан иш бажаришни (хизмат кўрсатишни) бошлаш ва тугаллаш кечиктирилган тақдирда, ижрочи истеъмолчига ҳар бир кечиктирилган кун иш (хизмат) қийматининг ёки буюртма қийматини бир фоизи миқдорида неустойка (пеня) тўлашига сабаб бўлади.
Марғилон шаҳар жамияти ходимлари қонуннинг мазкур талаблари юзасидан авиакасса масъулларига тушунтириш берганларидан сўнг, улар истеъмолчининг авиачипта учун тўлаган 1 640 000 сўм пулини кайтаришни маъқул кўрдилар. Истеъмолчи эса кўрсатилган ёрдам учун Федерация ходимларига ўз миннатдорчилигини билдирди.\
Аъзамхон Махаммадиев
Марғилон шаҳар ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
(юқорида иллюстратив расм)
Post Comment