Жадвалга амал қилинмагани ортидан хизмат суммасидан тегишли қисми чегириб ташланди
Аксарият ҳолларда аҳоли вакиллари ўз ҳудудларига қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматларини кўрсатувчи ташкилот ҳақида тўлақонли маълумотларга эга эмаслиги, белгиланган тартибга кўра, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига тақдим қилинган оммавий оферта шартномаси, шунингдек чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш жадвалларидан бехабарлиги мазкур йўналишда юзага келаётган муаммоларни дастлаб хизмат кўрсатувчи ташкилот диспетчерлик хизматига маълум қилишдан кўра, тўғридан тўғри турли идораларга ариза ва шикоятлар билан мурожаат қилинишига сабаб бўлмоқда. Шу ўринда, аҳоли вакилларимиз хизмат кўрсатувчининг диспетчерлик хизмати рақамларини билгани ҳолда, унга турли сабаблар билан боғлана олмаган бўлишлари мумкинлигини ҳам истисно эта олмаймиз, албатта.
Нима бўлганида ҳам муаммолар бор ва ўз-ўзидан уларнинг ечимлари ҳам йўқ эмас. Агар ушбу йўналишда хизмат кўрсатувчи ташкилот ўз фаолиятида “Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатиш қоидалари” (ВМ 06.02.2019 й №95-сонли қарор 1-иловаси)га тўлиқ амал қилса, ўз мажбуриятларини тўлиқ ва ўз вақтида адо этса, ўйлаймизки, бу борадаги бир қатор муаммолар ўз-ўзидан ечим топган бўларди. Қоидаларда ташкилот зиммасида ҳудуд бириктирилганидан кейин жисмоний шахсларга хизматлар кўрсатиш учун оммавий шартнома ҳаволасини қисқа хабар (SMS) орқали юбориши, ташкилотнинг расмий веб-сайти ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиши, оммавий шартнома нусхасини хизмат кўрсатиладиган ҳудуддаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига юбориши, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан белгиланган тартибда келишилган жадвалга мувофиқ, қаттиқ маиший чиқиндиларнинг мунтазам олиб чиқиб кетилишини амалга ошириши, жадвалга риоя қилинмаган ҳолатларда истеъмолчилардан ташкилотнинг диспетчерлик хизматига тушган буюртманомаларини оператив тартибда (буюртманома келиб тушган кундан бошлаб бир иш кунидан кечикмай) бажариш ва бу ҳақида истеъмолчиларни қисқа хабар (SMS) ва ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифа/каналлари орқали хабардор қилиши лозимлиги каби ва бошқа бир қатор мажбуриятлар мавжуд. Санаб ўтилган мажбуриятлар эса тўлиқ бажарилмас экан, тушунмовчиликлар ва муаммолар келиб чиқаверади.
Бешариқ тумани “Новкат” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи М.С. ҳам Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига ҳудудларига хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг ўз мажбуриятларидан бири – чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш жадвалига амал қилинмаётганлиги хусусидаги мурожаат билан чиққан. Мурожаат ўрганилганда унда келтирилган важлар тасдиғини топиб, сентабр ойида бир марта жадвалдан четга чиқиш ҳолатига йўл қўйилганлиги маълум бўлиб, ўрганиш якуни билан сентабр ойида кўрсатилган хизматлар ҳажмидан бир мартаси чегириб ташланиши ва истеъмолчи яшайдиган кўча аҳолиси билан қайта ҳисоб-китоб амалга оширилиши чора-тадбирлари кўрилди.
Ҳамиджон Ахмедов,
жамият раиси.
Post Comment