Дарз кетган шиферларнинг пули қайтарилди
Қувасой шаҳрида яшовчи А.Каюмов шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилиб, хонадонига ишлатиш учун сотиб олган “Қувасой шифер инвест” МЧЖ корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган шифер маҳсулотининг сифатидан шикоят қилганди.
Мурожаат истеъмолчи хонадонида юқоридаги корхона масъул ходимлари иштирокида ўрганиб чиқилиши жараёнида маълум бўлишича, истеъмолчи ўтган йили 8 тўлқинли шифер маҳсулотидан 200 донасини (ҳар бири 31 минг сўмдан) жами 6 200 000 (олти миллион икки юз минг) сўмга сотиб олган. Маҳсулот усталар ёрдамида томга ёпилгандан сўнг, мих қоқилган жойларидан дарз кетиш ҳолати юзага келган. Саноқлаш жараёнида бундай дарз кетган шиферлар 157 та чиқди.
“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни 17-моддасида истеъмолчига нуқсонли товар сотилганда у билан ҳисоб-китоб қилиш тартиблари белгилаб берилган. Унга кўра, шартнома бекор қилинаётганда товар нархи ошган бўлса, истеъмолчи билан ҳисоб-китоб товарнинг тегишли талаб қўйилган пайтдаги қийматига қараб амалга оширилади.
Қонун талабидан келиб чиқиб, дарз кетган шиферларнинг пулини истеъмолчига қайтариш учун ҳисоб-китоб қилишда унинг амалдаги нархи, яъни донаси 35 500 сўмдан ҳисобланди ва истеъмолчига 5 573 500 (беш миллион беш юз етмиш уч минг беш юз) сўм пул қайтарилишига эришилди.
Шаҳноза Валиева
Қувасой шаҳар ИҲҲҚ жамияти раиси
Post Comment