Шартнома бекор қилинди
Риштон туманилик А. Исмоилов тумандаги “Дом кредит” МЧЖ га қарашли савдо дўконидан ўзи учун маъқул бўлган велосипед танлайди ва истеъмол кредити асосида, 1 800 000 (бир миллион саккиз юз минг) сўмга, бошланғич тўловсиз, пулини 3 ой давомида бўлиб-бўлиб тўлаш йўли билан харид қилади.
Лекин орадан икки кун ўтар-ўтмас велосипеднинг ҳаракат узатма қисмида нуқсон борлиги маълум бўлади. У ўзининг истеъмолчилик ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда, савдо дўкони масъуллари олдига, нуқсонли товарни бепул таъмирлаб берилиши тўғрисида талаб қўяди. Лекин дўкон сотувчилари унинг ушбу қонуний талабини бажаришдан бўйин товлайдилар. Шундан сўнг, истеъмолчи туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мазкур масалада мурожаат қилади.
Амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасига кўра, агар истеъмолчига сотилган товарда нуқсонлар аниқланса, у сотувчи олдига товарнинг нуқсонларини бепул бартараф этиш талабини қўйиши мумкинлиги, қонуннинг 15-моддасига кўра эса, сотувчи товарда кафолат муддатида топилган нуқсонларни истеъмолчи тегишли талаб қўйган пайтдан эътиборан йигирма кун ичида бепул бартараф этиши лозимлиги белгилаб қўйилган. Агар сотувчи истеъмолчининг нуқсонларни бартараф этиш ҳақидаги талабларини бажармаган бўлса, истеъмолчи товарнинг харид нархини нуқсонга мутаносиб равишда камайтиришни ёки шартномани бекор қилиб етказилган зиён ва маънавий зарарни қопланишини талаб қилишга ҳақлидир (қонуннинг 16-моддаси).
Мурожаатни ўрганиш давомида сотувчига амалдаги қонун талаблари тушунтирилди. Бундан тўғри хулоса чиқарган дўкон масъуллари ва истеъмолчи ўртасидаги келишувга асосан 2020 йилнинг 20 июнь кунидаги истеъмол кредитига велосипед сотиб олиш тўғрисидаги икки томонлама шартнома бекор қилинди.
Хусниддин Латипов
Риштон туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment