Фуқаролар мурожаатлари доимий эътиборда
Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш одамийликни энг олий мезонидир.
Ш.Мирзиёев
Бугунги кунда Ўзбекистон истеьмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва унинг ҳудудий органлари томонидан фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича самарали натижаларга эришилаётганлиги бор гап. Федерациянинг республикамиз ҳудудларида фаолият олиб бораётган туман ва шаҳар жамиятлари ходимлари томонидан фуқароларнинг турли мазмундаги мурожаатлари қисқа фурсатда кўриб чиқилиб, ижобий натижалар қайд этилмоқда. Бунда эса тизимда ходимларни малакасини доимий ошириб бориш, ўзаро тажриба алмашиш, шунингдек хориж мамлакатларидаги илғор турдош ташкилотларнинг тажрибасини ўрганиш, мамлакатимиздаги вазирлик ва идоралар, хорижий ҳамкорлар билан имзоланган меморандумлар, ҳамкорликда амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаларининг ўзига хос ўрни бор. Натижада ишларда сифат кўрсаткичлари ошиб, кўп миқдордаги маблағлар истеьмолчилар фойдасига ҳал этиб берилишига, уларнинг поймол бўлган ҳуқуқларини тиклаб берилишига эришилаётганлиги аҳолининг тизим ташкилотларига бўлган ишончини ҳам орттирмоқда, десак муболаға бўлмас.
Бағдод туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига Амиробод МФЙда яшовчи фуқаро Н.Кенжаеванинг Ўзбекистон Республикаси Президенти ишонч телефонига қилган мурожаати тегишлилиги бўйича ўрганиб чиқилиши учун келиб тушди.
Мурожаатда билдирилишича, фуқаро Н.Кенжаева Бағдод тумани марказида жойлашган “Ишонч” кредит дўконидан умумий қиймати 11015000 (ўн бир миллион ўн беш минг) сўмга мебеллар тўпламини бир йилда бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олган. Covid-19 касаллиги пандемияси шароитида вақтинча ишсиз қолган фуқаро ойлик тўловларни ўз вақтида амалга оширолмай қолган. Истеъмол кредити берувчи ташкилот эса тўловни амалга ошириши лозимлиги, акс ҳолда тўловлар суд тартибида ундириб олиниши огоҳлантириш берган. Карантин шароитида бироз қийинчиликка дучор бўлиб турган фуқаро ишонч телефонига мурожаат қилишга мажбур бўлган.
Туман жамияти томонидан мазкур мурожаатни ўрганиш давомида истеъмол кредити ташкилоти билан олиб борилган музокаралар натижасида фуқарога тўловларни амалга ошириш бўйича бир мунча енгиллик бериладиган бўлди.
Шунингдек, Самарқанд қишлоғида яшовчи фуқаро Н.Юлдошева яшаш хонадонида фойдаланилган электр энергияси учун нотўғри ҳисоблаш амалга оширилганлиги, натижада 900000 (тўққиз юз минг) сўм асоссиз қарздорлик юритилганлиги ҳолати юзасидан туман жамиятига оғзаки шаклда мурожаат қилганди. Туман жамияти ходими Қ.Ўринов томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасига кўра мурожаат эгасининг ҳақлиги маълум бўлди.
Фуқаро мазкур масалада бир неча маротаба туман электр тармоқлари корхонаси мижозлар билан ишлаш бўлимига мурожаат қилганлигини, лекин аниқ жавоб ололмай анчагина овора бўлганлигини билдириб, туман жамияти ходимларига самимий миннатдорчилик изхор қилди.
Дилором Мирзаева
Бағдод туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment