COVID -19. Уни уй шароитида даволаш учун дорилар етарлими?
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов раҳбарлигида коронавирус пандемиясига қарши курашиш бўйича Республика махсус комиссиясининг 16 июль куни ўтказилган йиғилишида уйида даволанаётган коронавирус беморларини бепул дори-дармонлар билан таъминлаш юзасидан қарор қабул қилиниб, уларга етказиб бериладиган дори-дармонлар рўйхати тасдиқланганди. Шундан келиб чиқиб, Тошлоқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан уй шароитида коронавирус касаллигини даволаш учун тавсия этилган дори воситаларининг туман ҳудудидаги дорихоналарда мавжудлиги ва уларнинг нархлари юзасидан жамоатчилик мониторингги ўтказилди.
Мониторинг натижаларига кўра, ҳудуддаги танлов асосида ўрганилган дорихоналарда “Гидроксихлорохин 200 мг” дори воситасининг йўқлиги қайд этилди. “Аскорбин кислотаси”, “Парацетамол 500 мг” ва “Азитромицин 500 мг” сингари дори воситалари эса мавжудлиги, заҳира мавжудлиги, белгиланган нархларда сотилаётганлиги кузатилди.
– Биз мазкур жамоатчилик тартибидаги кузатув ишларини тизимли асосда ва мунтазам ўтказиб келаяпмиз, – дейди туман жамияти мутахассиси У. Мирзаумаров. – Асосий мақсадимиз халқимизнинг карантин шароитидаги энг зарур дори воситаларига бўлган талабини суъистеъмол қилинишини олдини олиш ишларига ҳисса қўшишдан иборатдир. Шунинг билан биргаликда, ўрганиш ишлари доирасида бугунги кунда аҳолининг талаби юқори бўлган антисептик воситалар, тиббий ниқоб ҳамда қўлқоплар дорихоналарга пешма-пеш етказиб берилаётганлигини ҳам таъкидлаб ўтишимиз лозим.
Ўзимиз ва яқинларимизнинг хавфдан ҳоли бўлишимиз учун энг асосий талаб бемақсад кўчага чиқмаслик, бошқалар билан масофани сақлаган ҳолда мулоқот қилиш ва энг хавфсиз жой ўз хонадонимиз эканлигини унутмаслигимиздир.
Ҳуснидахон Якубова
Тошлоқ туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment