Автомобил учун сотиб олинган янги эҳтиёт қисмида нуқсон чиқди
Федерациянинг Марғилон шаҳар жамияти томонидан Янги Фарғона кўчасида яшовчи З. Махмудованинг мурожаати ўрганилди.
Мурожаат муаллифига кўра, Темирйўл шоҳбекати ҳудудига жойлашган автомобилларга эҳтиёт қисмлари савдоси билан шуғулланувчи савдо дўконидан 1 350 000 (бир миллион уч юз эллик минг) сўмга ўзининг ДАМАС русумли автоуловига орқа кўприк (Задний мост) сотиб олган, лекин сотиб олиниб, автомобилга ўрнатилган эҳтиёт қисмдан овоз чиқиб қолганлиги сабабли сотувчига мурожаат қилганида, у эҳтиёт қисмни алмаштириб беришдан бош тортган.
Истеъмолчининг мурожаатини тўлақонли ўрганилишини таъминлаш мақсадида ўрганиш ишларига шаҳар Давлат солиқ инспекциясидан ҳам мутахассислар жалб қилинди.
Ўрганув ишлари давомида юқоридаги манзилда фаолият кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркор М.Холиқов, ўз ихтиёрига кўра, сотиб олинган нуқсонли товарни бошқа мақбул сифатдагисига алмаштириб беришини маълум қилиб, истеъмолчидан келтирилган ноқулайлик учун узр сўради.
Мурожаатни ўрганиш доирасида сотувчилар ҳамда шу жойда ҳозир бўлган фуқароларга Ўзбекистон Республикасининг Солиқ Кодекси, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунлари мазмун-моҳияти юзасидан тушунтиришлар берилиб, қонунчилик тарғиботи ҳам ўтказилди.
– Менинг савдо дўконидан сотиб олиниб, кейинчалик нуқсони аниқланган автомобил эҳтиёт қисмини алмаштириб берилмаётганлигидан норози бўлиб қилган мурожаатимни шаҳар солиқ идораси ва жамият мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилиши натижаларидан қониқиш ҳосил қилдим. Уларнинг аралашуви билан нуқсонли эҳтиёт қисм бошқа худди шундай русумдаги эҳтиёт қисмга алмаштириб берилди, – дейди З.Махмудова ўрганиш натижаларига кўра шаҳар жамиятига берган миннатдорчилик хатида. – Бунинг учун Федерация тизимидаги барча ходимларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Мустақил Ўзбекистонимизнинг гуллаб-яшнаши йўлидаги меҳнатларингизда улкан зафарлар тилаб қоламан.
Аъзамхон Махаммадиев
Марғилон шаҳар ИҲҲҚЖ матбуот ва ахборот бўйича мутахассиси
Post Comment