Ўрганиш натижалари билан фуқарога амалий ёрдам кўрсатилди
Қўқон шаҳар истеьмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан шаҳардаги Оқ-олтин кўчасида жойлашган эски икки қаватли уйлардан бирида яшовчи Ш.Яхшиевнинг «Фарғона сув таьминоти» Қўқон шаҳар бўлими томонидан унинг хонадонига ичимлик суви учун 3 500 000 (уч ярим миллион) сўм миқдорида қарздорлик ҳисоблаб қўйилганлигидан норозилигини билдириб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди.
Ўрганиш давомида мазкур хонадон ўтган асрнинг иккинчи ярми ўрталарида фойдаланишга топширилганлиги, узоқ йиллар ушбу кўп қаватли уйда яшовчиларнинг хонадонларида ичимлик суви ва оқова суви тармоғи мавжуд бўлмаганлиги, улар ташқаридаги умумий ҳожатхонадан фойдаланиб келганликлари, ичимлик сувини эса ҳовлидаги крандан ташиб ичганликлари, сўнги йилларда ушбу хонадонларга алоҳида ичимлик суви ва оқова суви учун тармоқлар тортилганлиги маълум бўлди. Ш.Яхшиевнинг мурожаатида кўрсатилган хонадонга 2010 йилдан уч киши рўйхатга туриб яшаб келган (шунга қадар орада ушбу хонадонда маълум вақт ҳеч ким яшамаган). Мазкур уйдаги хонадонларда яшовчи фуқароларнинг фойдаланишлари учун уй ташқарисида жойлашган ичимлик суви кранидан сув истеъмол қилганликлари учун қатъий белгиланган миқдордаги тўловларни ойма-ой амалга ошириб боришлари лозим бўлгани ҳолда, мурожаат эгаси томонидан мазкур тўловларни ўз вақтида тўлаб борилмаслиги натижасида қарздорлик йиғилиб қолган. Юқоридаги ҳолатлар ҳақида маҳалла фуқаролар йиғинида алоҳида далолатнома тузилди ҳамда ичимлик суви корхонасига тақдим этилди.
Ичимлик суви корхонаси шаҳар жамияти ўрганиш натижалари бўйича тақдим қилган барча ҳужжатлар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 150-моддасини асос қилган ҳолда, қайта ҳисоб-китоб ишларини амалга оширди. Унинг натижаларига кўра, истеъмолчининг зиммасидаги реал қарздорлик 725 614 (етти юз йигирма беш минг олти юз ўн тўрт) сўм миқдорида белгиланди.
Фуқарога ичимлик суви истеъмолчиси сифатидаги ҳуқуқ ва мажбурниятлари, шунингдек юзага келган қарздорликни тезликда бартараф этиши лозимлиги тушунтирилди.
Асроржон Маматқулов
Қўқон шаҳар ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment