Фарғона шаҳрида “Истеъмолчилар уйи” очилди
Барчамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йилнинг 13 сентябрида «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги ПҚ-3271-сонли қарори қабул қилиниб, қарорда бугунги кунда мамлакатимизда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида барча соҳа ва тармоқларда улкан ўзгаришлар амалга оширилаётганлиги, бу борада жамият ҳаётида эзгу қадрият ва анъаналарни чуқур қарор топтиришга, хусусан, халқимиз, айниқса, ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтиришда, она Ватани ва халқига муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол шахсни тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга бўлган китобхонлик маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Ушбу йўналишда тегишли ҳуқуқий-меъёрий базани мустаҳкамлаш, ташкилий-амалий ишларни замон талаблари асосида олиб бориш, бу масалага кенг жамоатчиликни жалб этиш бўйича кейинги пайтда бирмунча ишлар амалга оширилаётганлиги эътироф этиб ўтилиб, айни вақтда ўтказилган кузатиш ва таҳлиллар бу соҳада ўз ечимини кутаётган бир қатор долзарб муаммолар борлиги ва уларни кенг кўламда ҳал этиш зарурлигини кўрсатаётганлиги, халқимиз, аввало, ёшларнинг маънавий-маърифий, бадиий-эстетик талабларига жавоб берадиган китобларни юксак сифат билан чоп этиш, жойларга, таълим муассасаларига вақтида ва мақбул нархларда етказиш, миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини таржима қилиш, фарзандларимизда болаликдан бошлаб китоб, жумладан, электрон китоб ўқиш кўникмасини шакллантириш, жамиятимизда мутолаа маданиятини юксалтириш билан боғлиқ муҳим масалаларни ҳал этиш долзарб вазифа бўлиб қолаётганлигига ҳам алоҳида урғу бериб ўтилди.
Қарор эълон қилинганидан ҳеч қанча вақт ўтмай, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан яна бир ташаббус илгари сурилди. Бу «Ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича бешта муҳим ташаббус» бўлди. Ундан кўзланган мақсад ёшларимизга бўлган эътиборни янада кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ёшларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, юртимиз ёшлари ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини оширишдан иборат.
Ҳақиқатан ҳам, турли зиддиятлар кучайиб бораётган бугунги дунё манзараларида ёшларимизнинг маънавий иммунитетини кучайтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ҳар қачонгидан ҳам долзарброқ эканини замоннинг ўзи кўрсатиб турибди. Шу боис президент томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус муҳим аҳамият касб этади.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан жойларда “Истеъмолчи кутубхонаси”, “Истеъмолчилар уйи” лойиҳаларини амалга ошириш бўйича кенг кўламли ишлар режалаштириб олинди. Лойиҳа доирасида ҳозиргача барча вилоятлар ҳудудларида – Олтиариқ, Қизилтепа, Риштон, Сариосиё, Узун, Боғдод, Фарғона, Косон, Олот, Деҳқонобод ва Марғилонда 11 та барча қулайликларга эга бўлган, кўркам ва шинам мажмуалар бунёд этилди. Йил охирига қадар яна 9 та ана шундай маънавият ва маърифат масканлари ишга туширилади. Уларда юзга яқин ёш ўғил ва қизларнинг иш билан таъминланишига эришилди.
Бугун юқоридаги лойиҳаларнинг узвий давоми бўлган Фарғона шаҳрида ҳам замонавий услубда қурилган, ўзига хос инновацион ечимга эга бўлган “Истеъмолчилар уйи” биносининг тантанали очилиши маросими бўлиб ўтди. Мазкур мажмуанинг биринчи қавати “Истеъмолчи кутубхонаси”, иккинчи қавати эса Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти идорасидан иборат яхлит комплексни ташкил этади. Шунингдек, “Истеъмолчи кутубхонаси”да Аҳмад Фарғоний номидаги Фарғона вилоят Ахборот-кутубхона маркази билан ҳамкорликда 50 минг нусхадан ортиқ китобларнинг электрон базаси ҳам шакллантирилган.
Очилиш маросимида Фарғона шаҳар ҳокими Ҳамиджон Хабибидинов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенат аъзоси, Фарғона вилоят Ёзувчилар уюшмаси раиси Энахон Сиддиқова, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқовлар сўзга чиқдилар.
Шундан сўнг меҳмонлар “Истеъмолчилар уйи“ ва унда яратилган қулайликлар билан танишдилар.
Ҳудудий бирлашма Ахборот хизмати
Post Comment