Бепул бўлгани билан сифати ҳам қатъий назоратда
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 10 августдаги 237-сонли қарори билан “Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронларни асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ва гигиена товарлари билан бепул таъминлаш тартиби тўғрисидаги низом” (қарорга 3-илова) тасдиқланган. Унга кўра, бундай шахслар тоифасига Низомда белгиланган талабларга мос келувчи пенсия ёшидаги шахслар ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлари киритилган. Бундай шахсларга ҳар ойда бир маротаба 14 турдаги озиқ-овқат ва нозиқ-овқат товарлари ҳамда бунга қўшимча равишда 4 турдаги тиббий маҳсулотлар (ниқоб, қўлқоп, антисептик, антибектериал совун) бепул берилади.
Фарғона шаҳрининг Қиргули даҳасида истиқомат қилувчи В.С. ҳам шундай шахслар тоифасидан бўлганлиги сабабли, белгиланган муддатларда юқоридаги маҳсулотлар билан таъминланиб келади. Лекин у охирги маротаба олиб келинган маҳсулотлар ичидан “К завтраку” номли сариёғидан бироз ёқимсиз ҳид келаётганлиги масаласида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ишонч телефонига мурожаат қолдирган.
Масала тегишлилиги бўйича Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига келиб тушгач, масалага аниқлик киритиш учун мазкур фуқарони рўйхат асосидаги маҳсулотлар билан таъминлаш учун бириктирилган “Шарқ Юлдузи” МЧЖ масъуллари билан боғланилди. Ташкилот масъуллари шу куннинг ўзида фуқаронинг қўлидаги маҳсулотни алмаштириб бериб, масалани ижобий ҳал этдилар.
– Президент порталига қилган мурожаатим бўйича ижтимоий ҳимоя ташкилоти ходими, маҳалла фуқаролар йиғини ва таъминловчи корхона масъуллари келишиб, маҳсулотни алмаштириб беришди. Мазкур масалада бошқа шикоятларим йўқ, – дейди В.С. ўрганиш ишларига тақдим қилган тушунтиришида.
Рустамжон Мараджапов
Фарғона шаҳар ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment