Тинмай уста чақириб, уста кузатишдан бошқа ишим йўқми?
Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан фуқаро Х.Убайдуллаевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Веб-сайтига қилган мурожаати ўрганилди.
Фуқаронинг ўрганиш ишларига тақдим қилган қўшимча тушунтиришига кўра, қиш мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида август ойида “Водий Шуҳратбек сервис” корхонасига қарашли савдо дўконидан 24 кВлик икки контурли иситиш қозонини 4 900 000 (тўрт миллион тўққиз юз минг) сўмга сотиб олган. Иситиш қозони уйга олиб келингач, очиб кўрилганда қозоннинг устки қопқоғи ва сув босимини ўлчовчи датчигида нуқсон борлигини кўриб, уни савдо дўконига қайтариб олиб борган. Истеъмолчи товарни мақбул сифатдагисига алмаштиришни сўрасада, савдо дўкони масъуллари бу русумдаги иситиш қозонлари жуда сифатлилигини айтиб, ўша жойнинг ўзида камчиликларни тўғрилашга уринишган.
Иситиш қозони хонадонга ўрнатилиб, ёқиб ишга туширилишида мутахассис келиб иштирок этган. Лекин қозон ишламаган. Мутахассис хонадонга келаётган сув босимининг пастлигини айтиб, сув насоси ўрнатишни маслаҳат берган. Сув насоси ўрнатилгач, иситиш қозони ишлаган. Шундан сўнг қозон иситиш мавсуми келгунига қадар ишлатилмай турган.
Ноябрь ойларида ҳавонинг совиши билан иситиш қозони ишга туширилгач, муаммолар бирин-кетин чиқиб келаверган. Муаммоларни келиб чиқишига эса сабабу баҳоналар сероб. Дам газ босимидаги, дам сув босимидаги ўзгаришлардан қозон талаб даражасида ишламай, иситиш батареялари учун керакли иссиқликни етказиб бера олмаслиги оқибатида хонадонни исита олмаган. Компанияга қилган мурожаатига эса уста жўнатамиз, деган жавоб олган. Хонадонга келган уста эса қозоннинг расширительный баки кетибди, алмаштириш керак дейди. Бак бир ҳафтада алмаштирилади. Шунда ҳам кутилган натижа бўлмагач, сув насосини катта қувватлиси ўрнатилган дейишади. Қўшимча регулятор сотиб олиниб, сув босими пасайтирилади. Яна кутилган натижа йўқ. Компанияга яна қилинган мурожаат асосида келган усталар қозонни кўздан кечириб, яна расширительный баки кетибди дейишади. Сув насосининг босими пастроқлигини кўргач эса, уни истиш қозонидан узоқроққа кўчиришни маслаҳат беришади. “Янгигина иситиш қозонини ишлатаман деб, тинмай уста чақириб, уста кузатишдан бошқа ишим йўқми?”, дейди истеъмолчи тушунтириш хати ниҳоясида.
Истеъмолчи мурожаати асосида ўтказилган ўрганишларда мурожаатда келтирилган ҳолатлар ўз тасдиғини топгандан сўнг, сотувчига истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги амалдаги қонунчилик талаблари юзасидан тушунтиришлар олиб борилди. Лекин уларнинг томонидан истеъмолчининг мурожаатлари, шунингдек истеъмолчилар жамоат бирлашмасининг талабларини бажарилиши ишлари пайсалга солинганлигини инобатга олиб, ўрганишда тўпланган ҳужжатларни илова қилган ҳолда, қонуний чора кўрилишини сўраб Фарғона шаҳар прокуратурасига мурожаат қилинди.
Рустам Мараджапов
Фарғона шаҳар ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment