Кўрсатилмаган хизмат қиймати чегирилди
Ўтган йилнинг декабрь ойи охирларида Риштон туман Минор маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи З.Мирзатошевдан туман телекоммуникациялар боғланмасининг интернет хизматлари сифатидан норози бўлиб қилинган мурожаат келиб тушганди.
Мурожаатда баён қилинишича, истеъмолчи телекоммуникациялар боғланмасининг алоқа хизматлари, хусусан интернет хизматидан фойдаланиб келади. Ҳар ойнинг биринчи кунида интернет хизматидан фойдаланиш учун 88000 (саксон саккиз минг) сўм миқдорида олдиндан тўловни амалга ошириб боради. Аммо декабрь ойининг 10-13 саналарида интернет ишламай қолади. Мурожаатидан асосий мақсади унинг шахсий ҳисоб рақамидан интернет ишламаган кунлар учун тегишли миқдордаги маблағларни чегирма қилиниши ёки қайта ҳисоб-китоб ишлари ўтказилишидан иборат бўлган.
Ушбу ҳолатда агар истеъмолчи мурожаатида келтирилган важлар ва бу ҳолатни юзага келишига телекоммуникациялар боғланмаси дахлдорлиги исботини топса, амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 21-моддасига кўра, ижрочи кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмаслигидан келиб чиққан ҳолда қайта ҳисоб-китоб ишлари ўтказиш лозим бўлади.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда ҳамда истеъмолчи мурожаатига ойдинлик киритиш мақсадида туман телекоммуникациялар боғланмаси ходимлари билан биргаликда ўрганув ишлари ўтказилди. Ўрганиш ишлари жараёнида истеъмолчи хонадонидаги интернет тармоғи боғланма ишчи ходимлари томонидан созлаб берилди. Шунинг билан биргаликда интернет ишламаган кунлар учун истеъмолчи фойдасига қайта ҳисоб-китоб ишлари ҳам ўтказилди.
Хусниддин Латипов
Риштон туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment