Ечими топмай турган масалада қонун устиворлиги таъминланди
Янги Марғилон шаҳарчасида истиқомат қилувчи Н.Бобожонова ҳудудий бирлашмага ёзма равишда мурожаат қилиб, Фарғона шаҳрида Хитойдан импорт қилинган электр печ сотиб олганлигини, лекин сотиб олинган печни уй шароитида ишлата олмаганлиги сабабли сотувчига қайтариб берган бўлсада, ҳозирги кунга қадар пулини ололмаганлигини, пулини тезроқ қайтариб олишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраганди.
Ҳудудий бирлашма ходими мурожаатни ўрганиш доирасида сотувчи билан боғланиб ҳолатга аниқлик киритди. Ўрганишларда маълум бўлишича, истеъмолчи томонидан сотиб олинган электр печ 380 В кучланишдаги электр токида ишлашга мослаштирилган экан. Истеъмолчига эса бу ҳақда етарли даражада тушунтиришлар берилмаган. Печни хонадонга олиб келиб усталар ёрдамида тармоққа улангач, маълум вақт ўтиб кабелларга куч келиши натижасида ёқимсиз ҳид ҳам сезилган. Шундан сўнг, фуқаро бу ҳақда сотувчига хабар берган, сотувчи вакиллари келиб печни қайтариб олиб кетганлар. Истеъмолчининг пулини қайтариш масаласи эса печ бошқа одамга сотилса кейин, деган важ билан ортга суриб келинган.
Амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддасига кўра, агар товарни истеъмолчига сотиш жаарёнида нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот берилган бўлса ва бу ҳолат зарур истеъмол хоссаларига эга бўлмаган товар сотиб олинишига сабаб бўлса, истеъмолчи шартномани бекор қилишга ва ўзига етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақлидир. Хўп, юқоридаги ҳолатда шартнома бекор қилинган, лекин пулни қайтариш масаласичи?
Ушбу ҳолат бўйича Фуқаролик кодексининг 242–моддасидан ечим излаймиз. Унга кўра, агар мажбуриятни бажариш муддати кўрсатилмаган ёки талаб қилиб олиш пайти билан белгилаб қўйилган бўлса, кредитор ҳар қачон ижрони талаб қилишга, қарздор эса – ижрони ҳар қачон амалга оширишга ҳақли бўлади. Мажбуриятни дарҳол бажариш вазифаси қонун, шартнома ёки мажбуриятнинг моҳиятидан англашилмаса, қарздор бундай мажбуриятни кредитор талаб қилган кундан бошлаб етти кунлик муддат ичида бажариши шарт.
Демак, бундан англашиладики, юқоридаги ҳолатда сотувчи Н.Бобожоновага товар учун тўлаган пулини қайтариш ишларини у тегишли талабни қўйган пайтдан бошлаб етти кун муддат ичида бажариши лозим бўлади.
Фуқаро мурожаатини ўрганиш жараёнида қонуннинг юқоридаги талаблари бўйича сотувчига тушунтиришлар олиб борилди. Натижада истеъмолчи ва сотувчи ўртасида келишувга эришилиб, истеъмолчи 3 700 000 минг миқдоридаги пулини қайтариб олганлиги боис унинг мурожаатини ўрганиш ишларини тўхтатишни сўраб ҳудудий бирлашмага қўшимча ариза ёзиб берди.
Фахриддин Бойназаров
ЎИҲҲҚЖ Федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси сектор бошлиғи
Post Comment