Медиасаводхонлик – бугунги куннинг долзарб масаласи мавзусида семинар ўтказилди
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмасида «15 март Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни»га бағишлаб тадбир ўтказилди. Тадбирда ҳудудий бирлашма ва туман (шаҳар) жамиятларида фаолият олиб бораётган Матбуот ва ахборот мутахассислари иштирок этдилар.
Тадбирнинг биринчи қисми бугунги куннинг долзарб масаласи медиасаводхонликка бағишланди. «Медиасаводхонлик асослари. Интернет ва уяли алоқадан хавфсиз фойдаланиш бўйича ходимларда билим ва малака ҳосил қилиш» мавзусида nuqtainazar.uz сайти админи, журналист Тимур Юлдашев маъруза қилди. У ўз маърузасида тадбир иштирокчиларига интернетдан хавфсиз фойдаланиш асослари бўйича тушунтиришлар бериш баробарида, смартфон воситасида видео контент тайёрлаш асослари юзасидан мастер класс ҳам ўтказди ҳамда тадбир иштирокчиларини қизиқтирган саволларга жавоблар ҳам қайтарди.
Шунингдек, тадбир доирасида ҳудудий бирлашма масъуллари томонидан Федерация ва унинг ҳудудий органлари томонидан олиб борилаётган ишларни интернет тармоғида кенг ёритиб бориш, бу борадаги материалларни тайёрлашда эътибор қаратилиши шарт бўлган жиҳатлар юзасидан атрофлича тушунтиришлар ҳам бериб ўтилди.
Тадбирнинг иккинчи қисмида иштирокчилар «Ўзстандарт» агентлигининг вилоятдаги бошқармасида бўлиб, бу ерда истеъмолчиларга ички бозорда сотилаётган маҳсулотлар, кўрсатилаётган хизматларнинг хавфсиз бўлиши, тегишли сифатда бўлишини таъминлаб берилиши борасида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар.
Ҳудудий бирлашма Ахборот хизмати
Post Comment