СМС хабарномада келган қарздорлик истеъмолчини анчагина ташвишга қўйди
Қўқон шаҳар истеьмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг Зарбулоқ кўчасида яшовчи Т. Морозованинг “Ҳудудгаз Фарғона” газ таьминоти филиалининг Қўқон шаҳар бўлими томонидан асоссиз қарздорлик ҳисобланаётганлиги тўғрисидаги мурожаати ўрганиб чиқилди.
Истеъмолчи ўз аризасида газ таьминоти идораси томонидан асоссиз қарздорлик ҳисобланаётганлигини баён қилиб, жорий йилнинг 3 март куни хонадонидаги газни ҳисобга олиш ускунасини алмаштириш вақтида тузилган далолатномада ГҲУ кўрсатгичи 05718 м3 лиги қайд қилингани ва ўзининг ҳисоб-китобларига кўра ушбу кўрсаткичга қарздорлиги бўлмасада, шахсий телефонига табиий газдан 230011 (икки юз ўттиз минг ўн бир) сўм миқдорида қарздорлик мавжудлиги тўғрисида СМС хабарнома келганидан шикоятини билдиради.
Мурожаатни шаҳар жамияти мутахассислари томонидан ўрганилиши натижалари истеъмолчининг важлари ўринли эканлигини кўрсатиб берди. Газ таьминоти идорасида ўтказилган, истеъмолчи томонидан амалга оширилган тўловлар ва хонадонга ўрнатилган газ ҳисоблагич ускунаси кўрсатгичи дастур билан қайта солиштириш ишлари карздорликнинг асоссизлигини кўрсатиб берди. Истеъмолчига бу ҳақда ёзма тарзда маълум қилинди.
Асроржон Маматқулов
Қўқон шаҳар ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment