Фуқарони ташвишга солган муаммога ечим топилди

Фуқарони ташвишга солган муаммога ечим топилди

Бағдод туман истеьмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан Иттифоқ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Р.Ахмаджонованинг 2020 йилнинг 14 октябр кунида фойдаланилган табиий газ учун амалга оширган тўлови газ идораси компьютер базасида кўринмаётганлиги юзасидан қилган мурожаати ўрганиб чиқилди.

Маълум бўлишича, истеъмолчи ўтган йилнинг 14 октябр кунида Халқ банки тўлов кассасига фойдаланилган табиий газ учун 100 000 (юз минг) сўм тўловни амалга оширган. Лекин ўша йилнинг декабр ойида уни хонадонига ташриф буюрган газ идораси ходимларига тўлов амалга оширилганлиги тўғрисидаги квитанцияни кўрсатган истеъмолчига айнан октябр ойида амалга оширган тўлов идора компьютер базасида кўринмаганлиги, ўша ойда амалга оширилмаган тўлов эвазига қарздорлик келиб чиққанлигини айтилган ва мавжуд қарздорликни бартараф қилиб қўйиш бўйича огоҳлантириш берилган. Шундан сўнг истеъмолчи банк муассасасига келиб, тўловни амалга оширган касса ходими М.М.га юқоридаги ҳолатни айтган ва муаммони ҳал қилиб берилишини сўраган. Лекин мазкур масала жорий йилнинг апрел ойига қадар ҳал этилмасдан келган.

Мурожаатни туман жамияти ходимлари томонидан ўрганиш жараёнида банк ходими М.М.нинг тушунтириш беришича, ўша куни касса олдида мижозлар кўп бўлганлиги сабабли, компьютер дастурига истеъмолчи шахсий ҳисоб рақамини киритиш чоғида адашиб кетганлиги, бу ҳолат мижоз орадан икки ойча вақт ўтиб тўлов газ идорасидаги шахсий ҳисоб рақамига тушмаганлигини айтиб келган кунида маълум бўлганлигини билдириб, газ идораси ходимлари билан боғланиб мазкур муаммони ҳал қилиш масаласида гаплашганида улар амалий ёрдам беришларини айтганликларини, шундан сўнг фуқарони уларга жўнатганлигини, масалани шу кунга қадар ҳал бўлмасдан келаётганлигидан хабари йўқлигини маълум қилиб, муаммони ўзи томонидан бартараф қилишга тайёрлигини билдирган.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда муаммо мурожаатни ўрганиш жараёнида ҳал этилди. Табиий газ учун бошқа ҳисоб рақамга адашиб ўтказиб юборилган маблағ банк ходими ҳисобидан қопланиб, тегишли ҳисоб рақамга ўтказилишига ҳамда истеъмолчининг муаммоси ижобий ҳал этилишига эришилди.

Мурожаатни ўрганиш жараёнида томонларга Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни тарғиботи олиб борилди.

Дилором Мирзаева
Бағдод туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси

Post Comment