Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида нима муаммолар бор?

Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида нима муаммолар бор?

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида ҳудудий бирлашма ва туман (шаҳар) жамиятларига ичимлик суви таъминоти масалаларида жами 48 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, шуларнинг 8 таси Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ягона ишонч телефони воситасида қабул қилинган бўлса, 40 таси эса тўғридан-тўғри Федерациянинг вилоятдаги ҳудудий ижро этувчи органларига ёзма ва оғзаки равишда қайд қилинган. Ўтган йилнинг мос даврида бу борадаги мурожаатлар сони 24 тани ташкил қилганди. Бундан келиб чиқадики, ичимлик суви таъминоти масалаларида истеъмолчилардан келиб тушаётган мурожаатлар сони тенг бараварга ортган. Мисолларга тўхталамиз.
Қарзи бор дейилган эди, ҳақдор бўлиб чиқди
Тўрисини тан олиш керак, кўпчилигимизга электр, газ ёки сув таъминоти идорасидан 20000 сўм қарзинг бор, дейишса жудаям хавотирга тушмаймиз. “Ҳа, бўптида, тўлаб қўяманда”, деб хотиржамликка бериламиз. Лекин Фарғона шаҳрида яшовчи Л. Дятленко ундайлардан эмас экан. Унга сув таъминоти идораси вакили 20 минг сўм қарз бўлиб қолибсиз, тезда тўлаб қўйинг, деганда у анчагина асабийлашади. Буни эса ўзига яраша сабаби бор экан …
Хуллас, истеъмолчи ушбу масалада Федерациянинг ишонч телефонига мурожаат қилиб, масалага аниқлик киритишни сўраган. Фарғона шаҳар жамияти ходимлари томонидан ўрганишда маълум бўлишича, истеъмол қилинган ичимлик суви учун тўловларни ҳисоблагич кўрсаткичлари асосида олиб бораётган истеъмолчида қарз тугул, 31 минг сўм ҳақдорлик борлиги маълум бўлган.
Ер остидан качалкада сув тортиб истеъмол қиладиган фуқарога ярим миллион сўм қарздорлик ҳисобланган
Қўштепанинг Баланд Масжид маҳалласида истиқомат қилувчи Т.Охуновнинг Федерация ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилганда, қизиқ ҳолатга дуч келинган. Истеъмолчи хонадонига ичимлик суви тармоғи тортилмаганлиги ва ичимлик сувини етказиб бериш борасида туман сув таъминоти корхонаси билан шартнома ҳам имзоланмаганлигини, лекин шунга қарамасдан ундан корхона 432000 сўм миқдоридаги қарздорликни сўндириб қўйишни талаб қилаётганлигидан норозилигини билдирганди.
Мурожаатни Қўштепа туман жамияти масъуллари томонидан ўрганилиши жараёнида фуқаро истиқомат қилувчи кўчада ичимлик суви тармоғи мавжуд бўлсада, истеъмолчи хонадони ушбу тармоққа уланмаганлиги ва ўз-ўзидан корхона ва истеъмолчи ўртасида шартнома ҳам мавжуд эмаслиги исботини топган. Хонадонга ер остидан сув тортиб олиш учун қўлбола качалка ўрнатилган бўлиб, уларнинг асосий эҳтиёжлари мазкур ускуна воситасида тортиб олинадиган сув билан қопланиб келинган. Мазкур ҳолат “Фарғонасувтаъминоти” МЧЖнинг туман бўлими масъуллари билан ҳамкорликда ўрганиб чиқилгач, истеъмолчига нисбатан ҳисобланган қарздорликни корхона биллинг базасидан чиқариш бўйича қарор қабул қилинган.
Кўча колонкасидан сув ташиб ичиш тарифи бўйича нотўғри ҳисоб-китоб юритилган
Ўзбекистон туманининг Якка тут маҳалласида истиқомат қилувчи М. Алимовнинг қилган мурожаатида ичимлик сувини кўча колонкасидан ташиб келтиришлари, лекин бу борадаги тўловларни ҳисоблашда белгиланган тарифдан четга чиқиш ҳолати кузатилаётганлиги маълум қилинганди.
Ҳолатни Ўзбекистон туман жамияти мутахассислари томонидан ўрганилиши жараёнида хонадонда 5 киши истиқомат қилиши, ичимлик суви таъминоти корхонаси томонидан хонадон кўча колонкасидан сув ташиб келтириб истеъмол қилувчи эмас, балки хонадонига ичимлик суви тортилган, лекин сув ҳисоблагич ўрнатилмаган тарифидаги тўлов бўйича ҳисоб-китоб олиб борилаётганлиги маълум бўлган. Ўрганиш натижалари билан хонадоннинг сўнги икки ой давомидаги истеъмол кўрсаткичлари кўча колонкасидан сув ташиб келтириш тарифи бўйича ҳисобланишига ва бу давр учун хонадон 116000 сўм эмас, балки жон бошига 4567,5 сўмдан, жами 45680 сўм миқдорида тўловларни амалга оширилиши кўрсатиб ўтилди.
Адашиб ечиб олинган маблағ келгуси истеъмол учун тўловларга йўналтирилди
Тошлоқ туманида истиқомат қилувчи А.Зокировнинг онаси “Фарғонасувтаъминоти” МЧЖ туман бўлимига истеъмол қилинган ичимлик суви учун тўловларни амалга ошириш учун борганида, хонадон ҳисобида ичимлик суви истеъмоли борасида жарима ҳам мавжудлигини айтишиб, онахоннинг банк пластик картасидан 378000 сўм маблағ ечиб олинган. Тўловларни мунтазам амалга ошириб келаётган А.Зокиров эса бундан хабар топгач, Федерация ишонч телефонига мурожаат қилган.
Мурожаатни ўрганиш жараёнида маблағ ҳақиқатан ҳам ечиб олинганлиги, лекин хонадон ҳисобида ичимлик суви таъминоти масалалари бўйича ҳеч қандай жарималар мавжуд эмаслиги маълум бўлди. Олиб борилган ўрганиш ишлари натижаси билан истеъмолчи томнидан тўланган пул маблағини келгуси истеъмол учун олдиндан тўлов сифатида расмийлаштирилишига эришилди.
Фуқаронинг мурожаатидан сўнг авария ҳолати бартараф этилди
Данғара тумани Телиминг маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи А.Абдуллаев хонадони ёнидан ўтган ичимлик суви тармоғи трубаси ёрилиши натижасида тоза ичимлик суви исроф бўлаётганлиги ҳолати юзасидан Федерация ишонч телефонига мурожаат қилган.
Истеъмолчининг мурожаати тегишли тартибда расмийлаштирилгач, Данғара туман жамияти ва “Фарғонасувтаъминоти” МЧЖ туман бўлими масъуллари ҳамкорлигида мурожатда кўрсатилган жойда ўрганишлар ўтказилиб, юзага келган авария ҳолати бартараф этилишига эришилган.
Фуқаронинг олдиндан тўловдалиги исботини топди
Фарғона шаҳрида яшовчи Й.Мирзахонов ўз мурожаатида сув таъминоти учун амалга оширган тўловлари бўйича олдиндан тўловда бўлганлигини, лекин бугунги кунга келиб корхона унинг ичимлик суви учун олдиндан тўлов сифатидаги 314 м3 ҳақдорлигини эътиборга олмаётганлиги маълум қилинганди.
Фарғона шаҳар жамияти мутахассислари томонидан мазкур мурожаатни ўрганиш натижалари истеъмолчининг хонадонидаги сув ҳисоблагич кўрсатгичини 00530 м3 игача ҳақдорлигини, яъни 40937 сўм олдиндан тўловда эканлигини кўрсатган ва бу ҳақда фуқарога тегишли тартибда маълум қилинган.
Худди шунингдек, Марғилон шаҳрида яшовчи М.Азизованинг Федерация ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилиши жараёнида хонадонни ичимлик суви билан таъминлаш яхшиланишига эришилган.
Ҳудудий бирлашма Ахборот хизмати

Post Comment