Ваъда қилинган хизмат ўз вақтида кўрсатилмаса…
Бағдод тумани Иттифоқ МФЙ ҳудудида яшовчи фуқаро Д.А. уй тозалаш хизматидан фойдаланиш ва гиламларни ювдириш мақсадида туман марказида фаолият юритувчи уй тозалаш хизматидан фойдаланади. Мурожаатда қайд этилишича, фуқаро 7 сентябр куни мазкур хизматга мурожаат қилган. Бироқ хизмат кўрсатувчи томон ўша куни гиламларни ювмагани, бошқа куни бажариб беришини билдирган. Аммо орадан вақт ўтса-да, ваъда қилинган хизмат амалга оширилмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро 18 сентябр куни Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг ишонч телефони орқали оғзаки мурожаат қилган. Бағдод тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари мурожаатни ўрганиш жараёнида фуқаро иштирокида ҳолатга ойдинлик киритганлар. Ўрганиш давомида гилам ювиш хизмати белгиланган вақтда кўрсатилмагани тасдиқланган.
Мурожаат натижасида муаммо ўз ечимини топди: фуқаронинг яшаш хонадонидаги жиҳозлар гиламлар билан бирга тозаланиб, истеъмолчига топширилди. Шу билан бирга, туман жамияти томонидан мурожаат юзасидан амалга оширилган ишлар натижаси бўйича фуқарога жавоб хати юборилиб, мурожаат назоратдан олинди.
Ушбу ҳолат истеъмолчилар учун оддий, аммо муҳим бир жиҳатни эслатади: хизматга буюртма беришда унинг тури, ҳажми ва бажарилиш муддатини аниқ белгилаб олиш керак. Агар хизмат кўрсатувчи белгиланган келишувга амал қилмаса, истеъмолчи ўз эътирозини билдириш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун тегишли тартибда мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Мазкур воқеада ҳам истеъмолчининг мурожаати эътиборсиз қолмади. Масала ўрганилиб, хизмат амалда бажарилиши таъминланди. Бу эса ўз ҳуқуқини билган ва уни ҳимоя қилиш учун мурожаат қилган истеъмолчининг муаммоси ечимсиз қолиб кетмаслигини яна бир бор кўрсатади.



Post Comment