Беш кунлик ваъда, аммо бажарилмаган буюртма: дераза пардаси масаласи ҳал этилди

Беш кунлик ваъда, аммо бажарилмаган буюртма: дераза пардаси масаласи ҳал этилди

Ёзёвон тумани Чўлиғистон маҳалласида яшовчи фуқаро М.Х. хонадонидаги учта дераза учун парда тиктириш мақсадида туманда фаолият юритувчи парда бичиш ва тикиш хизмати кўрсатувчи тадбиркорлик субъектига мурожаат қилади. Келишувга кўра, умумий қиймати 650 минг сўм бўлган буюртма беш кун ичида тайёрлаб берилиши керак эди. Бироқ белгиланган муддат ўтганидан кейин ҳам пардалар тайёр бўлмаган.

Фуқаро буюртмаси нега бажарилмаганини сўраб борганида, хизмат кўрсатувчи томон буюртмалар кўплиги сабабли ҳали уни тайёрлашга киришилмаганини билдириб, яна 3–4 кундан кейин тайёрлаб беришини айтган. Шундан сўнг фуқаро ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида мурожаат қилди. Ёзёвон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари ҳолатни ўрганиб, хизмат кўрсатувчининг мажбуриятлари ҳамда истеъмолчининг ҳуқуқлари юзасидан тушунтириш ишларини олиб бордилар.

Ўрганиш якунига кўра, мурожаатда кўрсатилган ҳолатлар ўз тасдиғини топгани қайд этилди. Истеъмолчига унинг ҳуқуқлари тушунтирилиб, хизмат кўрсатувчига эса буюртмани келишилган талаблар асосида бажариш зарурлиги юзасидан тегишли тушунтириш берилди. Натижада фуқаро билан келишилиб, икки кун муддатда пардаларни тайёрлаб бериш мажбурияти олинди. Шу тариқа оддий маиший хизмат билан боғлиқ муаммо истеъмолчининг мурожаати ва ҳуқуқий тушунтиришлар асосида ижобий ҳал этиш чорасига йўналтирилди.

Ушбу ҳолат истеъмолчи ва хизмат кўрсатувчи ўртасидаги келишувда хизматни бажариш муддатини аниқ белгилаб олиш, имкони бўлса, буюртма ва келишувни ёзма шаклда расмийлаштириш қанчалик муҳимлигини яна бир бор кўрсатади.

Истеъмолчи буюртма берганда хизматнинг нархи, ҳажми, сифати ва бажарилиш муддатини аниқлаштириб олиши, келишилган шартларга риоя этилмаган тақдирда эса ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун тегишли тартибда мурожаат қилиши мумкин.

Post Comment