Мурожаатдан сўнг хонадонга суюлтирилган газ баллони етказиб берилди

Мурожаатдан сўнг хонадонга суюлтирилган газ баллони етказиб берилди

Тошлоқ тумани Жарқишлоқ МФЙ ҳудудида яшовчи Н.О. хонадонга суюлтирилган газ баллони узоқ вақт давомида етказиб берилмаётганидан норози бўлиб, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига мурожаат қилди. Мурожаатида у хонадонига июн ойидан буён суюлтирилган газ баллони етказиб берилмаганини қайд этилган.

Мазкур мурожаат Тошлоқ тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан ўрганилиб, масалага ойдинлик киритиш учун «Ҳудудгаз Фарғона» ГТФнинг Тошлоқ тумангаз бўлимига расмий сўров юборилди. Ўрганиш давомида хонадоннинг суюлтирилган газдан фойдаланувчи аҳоли рўйхатида экани, аҳоли хонадонлари белгиланган тартибда махсус маиший газ баллонлари билан таъминланиши ҳамда уларга 20 килограммдан имтиёзли нархларда суюлтирилган газ етказиб берилиши маълум қилинди.

Натижада, тасдиқлаган режа-жадвал асосида фуқаро Н. О.нинг хонадонига имтиёзли нархда суюлтирилган газ баллони етказиб берилди. Шунингдек, газдан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш зарурлиги бўйича тушунтириш берилди.

Ушбу ҳолат истеъмолчининг коммунал хизматлардан фойдаланиш билан боғлиқ муаммоси эътиборсиз қолмаслиги, унинг мурожаати белгиланган тартибда ўрганилиши ва масъул ташкилотдан аниқ жавоб олиниши муҳимлигини кўрсатади.

Энг муҳими, истеъмолчи ўз муаммосини баён қилиш билан чекланиб қолмасдан, 1091 ишонч телефони орқали мурожаат қилиб, масаланинг ўрганилишига эришди. Тегишли ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорлик натижасида эса хонадонга суюлтирилган газ етказиб берилди.

Post Comment