Бозорларда сотилаётган маҳсулотлар амалдаги меъёрлар талабига жавоб берадими?

Бозорларда сотилаётган маҳсулотлар амалдаги меъёрлар талабига жавоб берадими?

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси топшириғига асосан Фарғона шаҳар “Марказий деҳқон бозори” АЖ қошида ветеринария санитария экспертиза (ВСЭ) лабораторияси фаолияти йўлга қўйилганлиги, лабораториянинг моддий-техник таъминланганлиги, унинг томонидан бозор ҳудудида сотилаётган гўшт ва гўшт маҳсулотлари, сут маҳсулотлари, балиқ маҳсулотлари, мева-сабзавот ҳамда полиз маҳсулотларини сотишга тегишли рухсатномалар берилиши ҳолатлари жамоатчилик назорати тартибида ўрганишдан ўтказилди.
Ўрганишни дастлаб лаборатория фаолияти билан танишишдан бошладик. Бу ерда бизни эътиборимизни тортган биринчи ҳолат, бугунги кунда жами 4 нафар ходим меҳнат фаолияти олиб бораётган мазкур ВСЭ лабораториясига кириш жойида истеъмолчиларга кўринарли жойда ташкилот номи, унинг жойлашган (юридик) манзили, иш тартибини кўрсатувчи пешлавҳа қўйилмаганлиги бўлди. Шунингдек, лаборатория фаолият юритиши учун Давлат стандарти томонидан 2018 йилнинг 19 октябрь кунида берилган ва амал қилиш қилиш муддати бир йил бўлган 53-сонли аттестация хулосасининг муддати тугаган. Лаборатория жойлашган жой СанПин талабларига жавоб бермайди, сабаби ичимлик ва оқава сув тармоғига уланмаган. Лабораторияда мавжуд айрим техник ускуналарнинг давлат қиёслов кўригидан ўтганлигини тасдиқловчи сертификатларнинг муддати ўтган. Буларга электрон тарози (муддати шу йилнинг 28 февралида тугаган), Лактан 1-4 М ускунаси, СЭОКС мосламаси ва суюқлик анализатори мосламаларини (муддати жорий йил 10 март куни ўтиб бўлган) мисол қилиб келтириш мумкин.
Ўрганиш кунида лаборатория томонидан 193 нафар сотувчиларга, жумладан 11 нафар сут маҳсулотлари, 12 нафар гўшт маҳсулотлари, 10 нафар товуқ гўшти маҳсулотлари, 2 нафар полиз экинларидан тайёрланган салатлар, 19 нафар тухум, 38 нафар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, 25 нафар полиз маҳсулотлари, 1 нафар қўзиқорин, 4 нафар асал савдоси, 70 нафар мева маҳсулотлари, 1 нафар балиқ савдосини амалга ошираётган сотувчиларга бозор ҳудудида савдо қилиш учун рухсат берилган.
Лабораториянинг сотувчиларни маҳсулотларини текшириб, сотиш учун рухсат бериши бепул амалга оширилади.
Ўрганиш кунида бозор ҳудудида савдо фаолиятини амалга ошираётган аксарият сотувчилар карантин талабларига амал қилмасдан, тиббий ниқоб ва қўлқопсиз фаолият олиб бораётганликлари кузатилди.
Ўрганиш ишлари доирасида томонларга Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни мазмун-моҳияти юзасидан тушунтириш ва тарғибот ишлари ҳам ўтказилди.
Баходирхон Усмонов
Фарғона шаҳар ИҲҲҚ жамияти мутахассиси

Post Comment