Озиқ-овқат товарлари билан чакана савдонинг хусусиятлари
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг бўлимлари билан танишиб борамиз. Биринчи қисмда “Озиқ-овқат маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш хусусиятлари”нинг асосий мазмун-моҳияти билан танишиб чиқайлик:
Озиқ-овқат маҳсулотлари ҳар бир одам ҳаётида зарур бўлган кундалик эҳтиёждир. Шу сабабли уларни сотишда махсус тартиб ва қоидаларга риоя қилинади. Чакана савдо — бу маҳсулотларни охирги истеъмолчига, яъни аҳолига оз миқдорда сотиш жараёнидир.
Савдо билан ким шуғулланиши мумкин?
Озиқ-овқат савдосини фақат қонуний равишда рўйхатдан ўтган юридик шахслар (корхоналар) ва якка тартибдаги тадбиркорлар амалга ошириши мумкин.
Савдо жойлари қандай бўлиши мумкин?
Дўконлар, киоскалар, савдо расталари, автоматлар ва кўчма дўконлар орқали озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш мумкин. Ҳар бир савдо нуқтаси санитария, гигиена, ёнғин хавфсизлиги ва бошқа белгиланган талабларга жавоб бериши шарт.
Маҳсулотларга қўйиладиган талаблар
Товарни қабул қилиш, сақлаш ва сотишда унинг сифати бузилмаслиги керак.
Маҳсулот тўғрисидаги маълумотлар (номи, нархи, ишлаб чиқарилган вақти, яроқлилик муддати) харидорга тушунарли тарзда кўрсатилади.
Савдо жойида назорат тарозилари ўрнатилади, улар орқали харидор ўз харидини қайта ўлчаб кўриши мумкин.
Харидор ҳуқуқлари
Ҳар бир харидор маҳсулот ҳақида тўлиқ ва аниқ маълумот олишга ҳақли. Савдо нуқтасида сотувчи ёки корхона ҳақида маълумот (манзил, иш режими, СТИР ёки ЖШШИР) очиқ осиб қўйилиши керак.
Замонавий савдо шакллари
Бугунги кунда озиқ-овқат товарлари онлайн савдо орқали ҳам сотилиши мумкин. Бу ҳолда маҳсулотни етказиб беришда ҳам гигиена ва сифат талабларига риоя етилиши зарур.
Озиқ-овқат савдосида енг асосий тамойил — бу сифат ва хавфсизликни таъминлаш, харидор ҳуқуқларини ҳурмат қилишдир. Шунда ҳам тадбиркор, ҳам харидор манфаатдор бўлади.
Post Comment