Озиқ-овқат маҳсулоти қандай ҳолатларда сотувчига қайтарилиши мумкин?

Озиқ-овқат маҳсулоти қандай ҳолатларда сотувчига қайтарилиши мумкин?

Аввало шуни алоҳида таъкидлаб ўтишимиз лозимки, амалдаги қонунчиликка кўра, у ҳақида нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот берилган, нотўғри реклама оқибатида сотиб олинган, шунингдек нуқсонли ҳар қандай турдаги, яъни озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари сотувчига қайтарилиши мумкин.

Яна шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, мақбул сифатда бўлган товарларни сотувчига қайтаришда озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари ўртасида фарқ бўлиб, мақбул ва зарур сифатда бўлган, амалдаги талаб ва меъёрларга жавоб берувчи озиқ-овқат товарларини харид қилингандан кейин сотувчига қайтариб бўлмайди. Ноозиқ-овқат товарларини эса мақбул сифатда бўлса ҳам, қандайдир истеъмол хусусияти (ранги, ўлчами, фасони ва б.) ёқмаганлиги ёки мос келмаганлиги важи билан сотувчига қайтариш мумкин. Фақатгина мазкур ноозиқ-овқат товари “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 1-иловасида келтирилган “Зарур сифатдаги, қайтариб олинмайдиган ёки шунга ўхшаш товарга алмаштирилмайдиган ноозиқ-овқат товарлари рўйхати”да бўлмаслиги талаб қилинади.

Демак, озиқ-овқат маҳсулотини сотувчига қайтариш учун у ҳақида нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот берилган, нотўғри реклама оқибатида сотиб олинган, шунингдек нуқсони бўлиши каби шартлардан бири ёки бир нечаси бўлиши талаб қилинади. Бу каби нуқсонлари мавжуд (ёки кейинчалик аниқланган) озиқ-овқат товари эса сотувчига 24 соат ичида қайтарилиши мумкин.

Шу ўринда, озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олишда, товар ёрлиғида у ҳақида керакли маълумотлар берилганлиги, яъни маҳсулотни ишлаб чиқарувчи (тайёрловчи) номи, манзили, алоқа маълумотлари, ишлаб чиқарилган (тайёрланган) санаси, яроқлилик (сақлаш) муддатлари, маҳсулотнинг таркиби (ингридиентлари) ва бошқа шу каби зарурий маълумотларни бўлишига эътибор қаратиш муҳимлигини эслатиб ўтамиз.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin