Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 12 апрелдаги “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги ЎРҚ-474-сонли Қонуни асосида жамоатчилик эшитуви ташкилланди.
Сир эмас, аҳоли билан нақд пулли ҳисоб-китоблар борасида амалга оширилаётган ишлар жараёнида эришилаётган ютуқлар билан бир қаторда, аҳоли (истеъмолчилар)га товарлар сотиб олингач (хизматлардан фойдалангач) нақд пулли ҳисоб-китобларни амалга ошириш жараёнида нақд пулда қайтим бериш ўрнига турли товарлар (сақич, конфет, гугурт, қурут, таблетка ва бошқалар)ни тиқиштирилиши оммавий тус олган ва бу аҳолининг ҳақли эътирозларини келтириб чиқармоқда. Шу нуқтаи назардан, тизим ташкилотлари томонидан бу борада аҳолининг фикрлари ўрганилган, савдо ва хизмат кўрсатувчилар ўртасида сўровномалар ўтказилган, муаммонинг келиб чиқиш сабаблари бўйича турли ўрганиш ва тадқиқотлар ўтказиб келинаётган эди. Шунинг билан биргаликда, юқоридаги Қонуннинг 10-моддаси тартибида Марказий вилоят бош бошқармаси масъулларининг тижорат банклари томонидан сотувчи (хизмат кўрсатувчи)ларни қайтим учун майда пул билан таъминлаш тартиблари бўйича Жамоатчилик эшитувини ўтказилиши режалаштирилганди.
Эътироф этиш керакки, қонунда жамоатчилик эшитуви ўтказишнинг тегишли нормалари белгилаб берилган бўлсада, бундай тадбирни нодавлат нотижорат ташкилоти ташаббуси билан ташкилланиши биринчи маротаба бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Тадбирда дастлаб ҳудудий бирлашма масъуллари томонидан аҳоли билан нақд пулли ҳисоб-китоблар жараёнида харидор (истеъмолчи)га нақд пулда қайтим бермаслик ёки уни турли товарлар (сақич, конфет, гугурт, қурут, таблетка ва бошқалар) кўринишида қайтариш истеъмолчи ҳоҳиш иродасидан ташқари ҳолатларда содир этилганда амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 21-моддасида кўрсатиб ўтилган қонунбузилиши келиб чиқишига сабаб бўлиши айтиб ўтилди. Ушбу қонуннинг 21-моддасига кўра, сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас. Шу сабабли, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари сотувчилари (хизмат кўрсатувчилар) олди-сотди амалга оширилгач (хизматлар кўрсатилгач), қайтим қайтариш зарурати юзага келганда, ҳеч қандай истисноларсиз ва савол-сўроқларсиз харидорга 50 сўмдан 1000 сўмгача бўлган қайтимни нақд пулда қайтаришлари лозим.
Марказий банк вилоят бош бошқармаси масъуллари томонидан кун тартибининг асосий мавзусидаги маъруза – “Тижорат банклари томонидан сотувчи (хизмат кўрсатувчи)ларни қайтим учун майда пул билан таъминлаш тартиблари ва ушбу жараёнда юзага келаётган муаммолар” масаласи бўйича эшитув доирасида таъкидландики, банкларда бугунги кун талабини қондира оладиган миқдор ва ҳажмларда майда пул захираси мавжуд. Мазкур майда пулларни (50 сўмдан 500 сўмгача бўлган танга пулларни) олиш учун аҳоли билан нақд пулли ҳисоб-китобларни олиб борувчи хўжалик юритувчи субъектлардан банкка мурожаат қилиш талаб қилинади, холос. Лекин кўп ҳолларда ана шу хўжалик юритувчи субъектлар томонидан мазкур масалада тижорат банкларига мурожаатлар қилинмаяпти.
Кун тартибидаги масала эшитилгач, тадбир ташаббускорлари ва банк муассасалари масъуллари томонидан тадбир иштирокчиларини қизиқтирган саволларга жавобалар қайтарилди.
Post Comment