Истеъмолчи ҳуқуқларини судгача ва суд жараёнларида ҳимоя қилиш масалалари
Аҳмад Фарғоний номидаги вилоят Ахборот-кутубхона марказида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси тизимидаги туман ва шаҳар жамиятларида ҳуқуқий ҳимоя йўналишида меҳнат фаолияти олиб бораётган мутахассислар учун ўқув ташкилланди.
Ўқув тадбири Фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди ҳамкорлигида ташкилланиб, истеъмолчи ҳуқуқларини судгача ва суд жараёнларида ҳимоя қилишнинг ўзига хос томонлари, ишни судгача ҳал қилиш йўл-йўриқлари, судга даъво аризалари тайёрлаш, киритиш ва суд жараёнларида иштирок этиш тартиблари ва бошқа шу каби масалаларни ўз ичига олди.
Ўқув тадбирини кириш сўзи билан очган ҳудудий бирлашма раиси Ахроржон Рахмоналиев мазкур тадбирни ташкиллашдан кўзланган мақсад хусусида тўхталар экан, ҳудудий бирлашма ижро этувчи аппарати томонидан ходимларнинг ҳуқуқий билими ва касбий маҳоратини ошириш борасида бу каби тадбирлар тизимли асосда ўтказиб келинаётганлиги, тадбирларга ўз соҳасида муайян ютуқларга эришган мутахассислар таклиф қилиниб, улар томонидан тизим ходимларига амалий ва услубий кўрсатмалар берилаётганлиги, мастер класслар ўтказилаётганлиги тўғрисида гапириб ўтди.
Шундан сўнг Фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди судьяси Бузрукхон Аброров ва вилоят суди мутахассиси Жахонгир Худойбердиевлар тадбир иштирокчиларига юқоридаги ҳолатлар бўйича атрофлича маълумотлар, амалий ва услубий йўл-йўриқ ва кўрсатмалар бериб, тадбир иштирокчиларини қизиқтирган саволларга жавоблар қайтардилар.
Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 221-I-сонли Қонуни 1996 йил 26 апрелда қабул қилинган бўлиб, 30 та моддадан иборат.
Қонуннинг 4-моддасида истеъмолчиларнинг асосий ҳуқуқларидан бири сифатида, истеъмолчилар бузилган ҳуқуқлари ёки қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатлари ҳимоя қилинишини сўраб судга, бошқа ваколатли давлат органларига мурожаат этиш ҳуқуқлари белгилаб қўйилган.
Қонуннинг 20 ва 22-моддаларида товар (иш, хизмат)нинг нуқсонлари туфайли етказилган зарар учун мулкий жавобгарлик, яъни моддий зарарни қоплаш ҳамда истеъмолчининг бузилиши туфайли унга етказилган маънавий зарарни қоплаш тартиблари кўрсатиб ўтилган. Агар истеъмолчига етказилган моддий зарарни истеъмолчининг ўз кучи билан, шунингдек истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ваколати берилган идоралари кўмагида ундириб олиш мумкин бўлса, маънавий зарар фақатгина суд тартибида ундирилади.
Қонуннинг 29-моддасига кўра:
Истеъмолчининг ҳуқуқлари бузилган тақдирда, у судга мурожаат қилишга ҳақлидир. Даъволар, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, жавобгар, истеъмолчи жойлашган ердаги ёки зарар етказилган жойдаги судга тақдим этилади.
Истеъмолчилар ўз ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ даъволар бўйича, шунингдек, товар (иш, хизмат)лар хавфсиз бўлиши уларнинг сифати устидан назоратни амалга оширувчи давлат органлари, истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмалари истеъмолчининг (истеъмолчилар номуайян доирасининг) манфаатларини кўзлаб қўзғатиладиган даъволар бўйича давлат божи тўлашдан озод қилинадилар.
Истеъмолчининг ҳуқуқлари бузилиши билан даъволар асосан Фуқаролик ишлари бўйича судларда кўриб чиқилади. Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси тизимидаги ташкилотлар томонидан юқоридаги инобатга олган ҳолда, жойлардаги Фуқаролик ишлари бўйича судлар билан яқиндан ҳамкорлик олиб борилмоқда.
Биргина жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида Федерация тизимидаги ташкилотларга фуқаролардан тушган 38 та ариза ва шикоят асосида суд органларига даъво аризалари киритилиб, ижобий ҳал этилди. Натижада 1 миллиард 340 миллион 518 минг 303 сўм моддий ва маънавий зарар истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Ҳудудий бирлашма Ахборот хизмати
Post Comment