“Ўқитувчилар малакасини ошириш – бу борадаги муҳим ўзгаришлар” мавзуида матбуот анжумани ташкил этилди
Бугун вилоят халқ таълими бошқармасида “Ўқитувчилар малакасини ошириш – бу борадаги муҳим ўзгаришлар” мавзуида ОАВ ходимлари, журналистлар ва блогерлар иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуманда кун тартибидаги масала юзасидан вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Шерзод Долимов, Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази масъул ходимлари атрофлича тушунтиришлар бериб ўтдилар.
Таъкидландики, халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини ташкил этиш, улардаги касб маҳорати ва малака савиясининг доимий ўсиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, замонавий талабларга мувофиқ қайта тайёрлаш ва мунтазам равишда малака ошириб боришнинг самарали механизмларини жорий этиш асосида мазкур ходимларнинг юқори савиядаги узлуксиз касбий тайёргарлигини таъминлашга қаратилган.
Эндиликда халқ таълими ходимлари малакасини ошириш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи педагогика йўналишидаги олий таълим муассасалари, малака ошириш фаолияти билан шуғулланадиган нодавлат таълим муассасаларига ҳам берилмоқда. Бу эса соҳада соғлом рақобатни ривожлантиришга хизмат қилади.
Илгари халқ таълими ходими ҳар беш йилда бир маротаба 144 соатлик дастур асосида малака оширган бўлса, педагог ходимни узлуксиз касбий ривожлантиришни кўзда тутувчи янги тартибга кўра, у ҳар йили 36 соатлик дастур асосида малака оширади. Эътиборлиси, унга педагог-ходимлар малакасини ошириш фаолияти билан шуғулланувчи таълим муассасаларини эркин танлаш ҳуқуқи ҳам берилмоқда.
Ходимнинг белгиланган муддатда малака ошириш курсларидан узрли сабабларсиз ўтмаганлиги у билан тузилган меҳнат шартномасини, амал қилиш муддатидан қатъий назар, белгиланган тартибда икки ой мобайнида бекор қилинишига сабаб бўлади.
Узлуксиз касбий ривожлантиришнинг шакллари сифатида ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда таълим олиш; ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим олиш; масофавий таълим; дуал таълим; мустақил таълим; малака оширишнинг муқобил шаклларидан фойдаланилади.
Малака оширишнинг муқобил шакллари сифатида дарсликка муаллифлик қилиш; докторлик илмий даражасини олиш учун диссертацияни ҳимоя қилиш; халқаро ва республика миқёсидаги илмий анжуманларда маъруза билан иштирок этиш; илмий тадқиқот натижалари асосида халқаро индексацияланган базаларда (Scopus, Wеb of Science) эътироф этилган журналларда мақола нашр этиш каби фаолиятлар ҳам ҳисобга олинади.
Ҳудудий бирлашма Ахборот хизмати
Post Comment