Марказий Осиёда истеъмолчиларнинг халқаро ташкилоти тузилиши мумкин
Бу ҳақда Федерация Матбуот хизмати Facebook ижтимоий тармоғидаги расимй саҳифаси орқали хабар қилмоқда. Хабарда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов ва Қозоғистон истеъмолчилар Миллий Лигаси раҳбари Светлана Романовская телефон орқали мулоқот қилганлиги баён қилинади.
Мулоқот чоғида ташкилот раҳбарлари икки томонлама муносабатларга доир масалалар, шунингдек, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилинган.
Икки турдош ташкилот ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми доирасида амалга оширилиши режалаштирилган вазифалар белгилаб олиниб, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш борасида ўзаро тажриба алмашиш, соҳада юз бераётган камчиликларни атрофлича кўриб чиқиб, қатор муҳим ташаббусларни илгари суриш юзасидан фикрлар алмашилган.
Сўнгги йилларда туризм, электрон тижоратнинг жадал ривожланаётгани ва кўрсатилаётган онлайн хизматлар турлари ошиб бораётгани яхши, бироқ бу борада истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш жиддий муаммога айланмоқда. Марказий Осиё минтақасида айрим мамлакатлар ушбу муаммони бошқа мамлакатлардаги истеъмолчилар ташкилотлари билан икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиб ҳал этишга интилмоқда.
Бироқ бундай глобал муаммони фақат икки томонлама ҳамкорлик билан ҳал этиш қийин. Ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш ва минтақадаги истеъмолчилар соҳасига доир муаммоларни биргаликда бартараф этиш мақсадида истеъмолчилар Миллий Лигаси ва Федерация ташаббуси билан, Маркзий Осиё истеъмолчилар ташкилотини тузиш ташаббуси илгари сурилди.
Шунингдек, мулоқот давомида Қозоғистон Истеъмолчилар миллий лигаси билан Федерация ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришга доир бошқа бир қанча масалалар муҳокама қилинди.
Ҳудудий бирлашма Ахборот хизмати
Post Comment