Тўловлар истеъмолчининг шахсий ҳисоб рақамига келиб тушмаганлиги маълум бўлди

Тўловлар истеъмолчининг шахсий ҳисоб рақамига келиб тушмаганлиги маълум бўлди

Риштон туманилик Н.Маматқуловнинг “Фарғона сув таъминоти” МЧЖ Риштон туман бўлими ходимлари томонидан ҳисобланган қарздорликдан норози бўлиб туман истеъмолчилар ҳуқуқларни ҳимоя қилиш жамиятига қилган мурожаати ўрганилди. Ўрганиш натижалари истеъмолчининг норози бўлишига жиддий асослар борлигини кўрсатди.

Хусусан, ўрганиш ишларининг дастлабки босқичидаёқ, яъни истеъмолчининг ичимлик суви учун амалга оширган тўловларини сув таъминоти идораси масъул ходимлари А.Юсупов ва Д.Аджимбетовалар иштирокида қайта ҳисоб-китоб қилиш жараёнида, фуқарода истеъмол қилинган ичимлик суви бўйича қарздорлик эмас, аксинча 347000 (уч юз қирқ етти минг) сўм миқдорида ҳақдорлик мавжудлиги кузатилди.

Ушбу жараёнда қарздорликни келиб чиқиш сабаблари ҳам аён бўлди. Бунга истеъмолчи томонидан ичимлик суви учун амалга оширилган тўловлар йиллар давомида унинг шахсий ҳисоб рақамига келиб тушмаганлиги сабаб бўлган.

Ўрганув ўтказилган кунни ўзида, истеъмолчи томонидан олдин амалга оширилган тўловлар унинг шахсий ҳисоб рақамига ўтказилиши натижасида, истеъмолчида қарздорлик эмас, ҳақдорлик мавжудлиги, яъни фуқаро истеъмолга нисбатан олдиндан тўловдалиги қайд этилиб, истеъмолчининг ҳисоб дафтарига ушбу ҳолат тўғрисида ёзувлар киритилди.

Хусниддин Латипов
Риштон туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси

Post Comment