Нуқсонли товар бепул таъмирлатилди

Нуқсонли товар бепул таъмирлатилди

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг 1091 “Ишонч” телефонига Тошлоқ туман Чек маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Ш. Давлатовдан мурожаат келиб тушди. Мурожаатда кредит савдо дўкони масъуллари томонидан товарда кафолат муддати ичида юзага келган нуқсонни бартараф этиш чораларини кўриш ишлари пайсалга солиб келинаётганлиги маълум қилинган.

Мурожаат эгасига кўра, у тумандаги “ASR MARKET” кредит савдо дўконидан ROISON русумли газ плитасини сотиб олган. Аммо газ плитаси кафолат муддати даврида носоз ҳолатга келиб қолган. Бу ҳақида истеъмолчи Ш. Давлатов савдо маркази ходимларига бир неча маротаба хабар бериб, газ плитасини сервис хизмати орқали таъмирлатиб беришларини сўрашига қарамай узоқ вақт мобайнида унинг талаби қондирилмай келган.

Мурожаат тегишлилиги бўйича Тошлоқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан “ASR MARKET” кредит савдо дўкони мутасадилари билан ҳамкорликда ўрганилди. Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 11,13, 15-моддалари талаблари ҳамда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунлари доирасида атрофлича ўрганилиб чиқилди. Ўрганув эса истеъмолчи Ш. Давлатов томонидан билдирилган важларнинг асосли эканлигини кўрсатди.

Тошлоқ туман жамияти мутахассисларининг олиб борган сайъ-ҳаракатлари билан мурожаатчининг талаби қондирилиб, носоз техника таъмирлатиб берилди. Савдо маркази ходимларига эса амалдаги қонунлар ва уларнинг талаблари тарғиботи ўтказилди.

Ҳуснидахон Якубова

Тошлоқ туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси

Иллюстратив фото (фото creditasia.uz)

Post Comment